“Ўзтрансгаз” АЖда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? – Мутахассис билан суҳбат
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, касбий ва шахсий ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш муҳим йўналишлардан. Шу сабабли, сўнгги йилларда бу борада қабул қилинган Президент фармон ва қарорлари хотин-қизларнинг барча соҳаларда фаол иштирок этиши, муносиб меҳнат қилиши, билим олиши ҳамда ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратмоқда.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида барча тармоқ ва ташкилотларда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада энергетика соҳасида ҳам хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат шароитларини янада яхшилаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, касбий салоҳиятини ошириш ҳамда раҳбарлик лавозимларидаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Энергетика тизимида мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида “Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси Лола Шарипова билан суҳбатлашдик.
– Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Дарҳақиқат, юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг муносиб меҳнат қилиши, билим олиши, касбий ва шахсий ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу асосда “Ўзтрансгаз” АЖда ҳам хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда жамият тизими корхоналарида 692 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Улар муҳандислик, ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, молия, ҳуқуқ, ахборот технологиялари, кадрлар бошқаруви ва бошқа йўналишларда самарали фаолият юритиб келмоқда.
Биз учун ҳар бир ходимнинг ўз касбий салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, меҳнат қилиши ва муносиб турмуш кечириши муҳим. Шу мақсадда гендер тенгликни таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, ижтимоий муҳофазани кучайтириш, саломатликни асраш ва хотин-қизларнинг касбий ўсишини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
–Хотин-қизлар саломатлигини асраш ва тиббий қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имкониятлар яратилган?
– Соғлом аёл - соғлом оила, соғлом оила эса соғлом жамиятнинг асоси. Шу боис, жамиятимизда хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, ҳар йили барча хотин-қизлар чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан ўтказилади. Бу орқали касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш имконияти яратилади.
Жорий йилда тиббий кўриклар натижасида жарроҳлик амалиёти талаб этилган ходимлар учун барча зарур тиббий ёрдам ташкил этилди. Энг муҳими, операциялар билан боғлиқ барча харажатлар жамият томонидан тўлиқ қоплаб берилди. Бу хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Шунингдек, ходимлар учун санаторий-соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар ажратилиб, уларнинг дам олиши ва саломатлигини тиклаши учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда.
– Хотин-қизларнинг касбий ривожланиши ва раҳбарлик салоҳиятини ошириш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Бугунги кунда рақобатбардош кадрларни тайёрлаш ҳар қандай ташкилот учун муҳим вазифа. Шунга кўра, хотин-қизларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг раҳбарлик қобилиятини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратяпмиз.
Йил давомида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, касбий салоҳияти ва етакчилик кўникмаларини ривожлантириш, гендер тенглик тамойилларини тарғиб қилиш мақсадида семинарлар, форумлар, тренинглар ва малака ошириш курслари мунтазам ташкил этилмоқда.
Ушбу тадбирларда соҳа мутахассислари иштирок этиб, долзарб мавзулар бўйича мулоқот ва тажриба алмашиш имкониятлари яратилади. Бу эса хотин-қизларнинг ўз устида ишлаши ва келгусида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиши учун мустаҳкам замин яратади.
– Ижтимоий ҳимоя йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Жамиятимизда инсон қадри устувор. Шунинг учун ҳар бир ходим ва унинг оиласи эътибор марказида бўлади. Айниқса, эҳтиёжманд, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган ходимлар ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, байрамлар муносабати билан моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тадбирлари ташкил этилади, ходимларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилади.
– Ёш мутахассис қизларни қўллаб-қувватлашга қандай эътибор қаратилмоқда?
– Ёш кадрлар ҳар қандай ташкилотнинг келажагини белгилайди. Шу боис, ёш мутахассис қизларнинг касбий ўсиши, билим ва тажрибасини бойитиши, янги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.
Жамиятимизда ёш ходимларнинг билим ва салоҳиятини юксалтиришга қаратилган форумлар, семинарлар, маънавий-маърифий тадбирлар, китобхонлик танловлари, спорт мусобақалари ва турли ижтимоий лойиҳалар мунтазам ташкил этилади.
Энг муҳими, бундай имкониятлар ёш мутахассис қизларнинг ўз касбига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларнинг соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшадиган малакали кадрлар бўлиб шаклланишига хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.