“Менинг боғим” лойиҳаларида депутатлар иштироки кенгайтирилади
Юртимизда яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда халқ вакилларининг иштироки ва ташаббускорлигини ошириш мақсадида “Менинг боғим” лойиҳалари йўлга қўйилади. Ушбу лойиҳалар аҳоли турмуш сифатини янада юксалтириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кўпайтиришда муҳим ўрин тутади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлатимиз раҳбарининг “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда жамоатчилик ҳамда халқ вакиллари иштирокини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида депутатлар учун семинар ташкил этилди.

Семинарда таъкидланганидек, “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишда депутатларнинг иштироки сайлов округларида экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли учун қулай атроф-муҳитни яратиш, маданий хордиқ ва дам олиш масканларини ташкил этиш учун янги имкониятлар бермоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида мамлакатдаги яшил ҳудудларни кўпайтириш ва аҳоли учун янги боғлар яратиш мақсад қилинган. Жумладан, эндиликда “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали ғолиб бўлмаган, аммо аҳоли манфаатларига мос ва экологик жиҳатдан долзарб бўлган лойиҳаларни депутатлар томонидан ғолиб деб эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
Семинар доирасида иштирокчиларга “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантиришнинг янгиланган тартиб ва босқичлари, депутатлар томонидан лойиҳаларни танлаш, баҳолаш ва ғолиб деб эълон қилиш мезонлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, “Очиқ бюджет” порталидаги жараёнлар, жумладан “Депутат ташаббуси” саҳифаси билан ишлаш тартиби ҳақида сўз юритилди.
Семинарда Президент фармонида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА