Хорижий давлатларда олинган илмий даражалар тан олиниши бўйича амалий семинар ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси асосида юртимизда босқичма-босқич электрон ҳукумат тизими жорий этилмоқда.
Бу, жамиятда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга эътибор қаратилаётганини яққол кўрсатган ҳолда эндиликда халқимиз давлат хизматлари, ижтимоий хизматлардан уйдан чиқмаган ҳолда фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги “Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори шу маънода муҳим аҳамиятга эга.
Зеро, мазкур ҳужжат билан эндиликда хорижда олинган илмий даража тўғрисидаги ҳужжатларни ортиқча қийинчиликсиз тан олиниши (нострификацияси) бўйича ҳужжатларни юбориш ва қабул қилиш имконияти яратилди.

Олий аттестация комиссиясида мазкур қарор ижросини таъминлаш бўйича олий таълим ва илмий тадқиқот ташкилотлари масъуллари учун амалий семинар ўтказилади.
Олий аттестация комиссияси раиси А.Юсупов юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги қатъий интилиш ва таълим, илм-фан соҳасидаги туб ислоҳотлар самарасида ёшларимиз нуфузли хорижий давлатлар олий таълим даргоҳларида ўқиб, илмий фаолияти асосида илмий даражаларга сазовор бўлаётгани билан бир қаторда илғор тажрибали хорижий мутахассисларнинг ҳам Ватанимиз олий таълим ва илмий ташкилотларида фаолият кўрсатишига рағбат уйғотаётганини таъкидлади.
Шу маънода, “Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида”ги қарор ўз вақтида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Тадбирда қарор мазмун-моҳияти ва ижроси таъминлашдаги вазифалар хусусида З.Тожихўжаев томонидан амалий тавсиялар берилди.
Унда мазкур қарор асосида хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентида илмий-педагогик ходимлар учун кўплаб қулайликлар яратилгани санаб ўтилди.
Очиқ мулоқотлар асосида ўтган семинарда олий таълим ва илмий ташкилотлар илмий котиблари томонидан олий аттестация тизимига татбиқ этилаётган янгиликлар ва мазкур қарор ижроси билан боғлиқ саволларига масъуллар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Н.Усмонова,
ЎзА