Медиа саводхонлик — давр талаби
Бугунги глобаллашув жараёнлари, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ва ахборот оқимининг мисли кўрилмаган даражада ортиб бориши жамият олдига янги вазифаларни қўймоқда. Айниқса, ахборотни тўғри қабул қилиш, уни таҳлил қилиш ва ишончли манбаларни нотўғрисидан ажрата олиш кўникмаси ҳар бир фуқаро учун муҳим ҳаётий заруратга айланмоқда.
Шу мақсадда “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши, ЎзННТМА Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси, шунингдек, вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фаол ёшлар иштирокида “Ахборот асрида медиа саводхонлик ва очиқлик” мавзусида амалий тренинг ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳозирги кунда ахборот майдони кескин кенгайиб бораётгани, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали тарқаладиган ҳар бир маълумотнинг ҳам ишончли бўлмаслиги жамиятда медиа саводхонлик маданиятини янада оширишни талаб этаётганини таъкидладилар. Шу билан бирга, жамоатчилик ишончи, давлат ва фуқаролик институтлари ўртасидаги мулоқот сифати ҳам айнан ахборот маданиятига боғлиқ экани қайд этилди.

Амалий машғулотлар асосида қизиқарли ва интерактив шаклда ўтган тренинг давомида иштирокчилар ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш, сунъий интеллект имкониятларини тўғри қўллаш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамоатчилик олдидаги ижобий имиджини шакллантириш, шунингдек, фейк ахборотларни аниқлаш ва текшириш усуллари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар.
Шунингдек, қатнашчиларга контент режа тайёрлаш, ахборотни мақсадли аудиторияга самарали етказиш, рақамли коммуникация воситаларидан унумли фойдаланиш ҳамда медиа муҳитда масъулиятли фаолият юритиш бўйича тавсиялар берилди.

– Бугунги ахборот асрида тўғри ва ишончли маълумотни ажрата олиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатишда медиа саводхонлик асосий омиллардан биридир. Мазкур тренинг иштирокчиларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, рақамли муҳитда тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади, – деди ЎзННТМА Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Шакат Мадраҳимов.
Тадбир якунида иштирокчилар бундай амалий тренинглар ахборот маконида масъулиятли ёндашувни шакллантириш, жамоатчилик билан ишончли мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда ташкилотлар фаолиятида очиқлик тамойилларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири