Медиа ҳафталик: замонавий билим ва тажриба майдони
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида Андижон вилоятида ўтказилган медиа ҳафталик якунига бағишланган форум бўлиб ўтди.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “медиа ҳафталик”да вилоятда фаолият олиб бораётган 600 нафардан зиёд медиа соҳаси вакиллари – журналистлар, матбуот котиблари, оператор, монтажчи, блогер ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Контент маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмонов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов, Андижон вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Рустамжон Эшонов, вилоят ҳокимлиги котибият мудири Элёрбек Холмирзаев ва бошқалар томонидан юртимизда амалга оширилаётган ўзига хос, йирик лойиҳа – медиа ҳафталик миллий медианинг ривожланиши, соҳада вакилларининг билим, малака ва салоҳиятини ошириш ҳамда ахборот маконида рақобатбардош контент яратиш, тайёрланаётган медиа маҳсулотлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
[gallery-29823]
Бугун медиа маконда ахборот, контент тайёрлашда тезкорлик, сифат ва профессионаллик муҳим ўрин тутади, – дейди Контент маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Абдураҳмонов. – Шу маънода бугунги кунда медиа соҳасининг ҳар бир вакили ана шу мезонлар бўйича муайян билим ва кўникмаларга эга бўлиши муҳимдир. Ўтказилган медиа ҳафталикнинг асосий мақсад ҳам соҳа вакилларининг билим ва малакаларини юксалтиришга қаратилди.
Беш кун давом этган медиа ҳафталик доирасида мамлакатимизнинг тажрибали журналистлари ва малакали тренерлари томонидан ўтказилган машғулотларда рақамли медиа, контент яратиш, ижтимоий тармоқлар билан ишлаш, сунъий интеллект имкониятлари ҳамда ахборот тарқатишнинг замонавий технологиялари бўйича назарий ва амалий сабоқлар берилди.
– Медиа ҳафталик доирасидаги машғулотларда сифатли медиа контент, мақолалар тайёрлаш, аудитория билан ишлаш бўйича билимларимизни бойитдик, бу борадаги илғор тажрибаларни ўргандик, – дейди ёш журналист Муҳаматрасул Маматқулов. – Олган билим ва кўникмаларимиз, албатта, келгуси фаолиятимизни янада самарали олиб боришга ёрдам беради.
Тадбир якунида ҳафталик машғулотларида фаол қатнашган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда ёшларга сертификатлар топширилди.
Бир сўз билан айтганда, медиа ҳафталик иштирокчилар учун нафақат янги билим ва кўникмалар манбаи, балки тажриба алмашиш, касбий алоқаларни мустаҳкамлаш ва замонавий медиа талабларини чуқур ўрганиш имкониятини берди.
Тадбир давомида вилоят маданият бошқармаси тасарруфидаги бадиий жамоалар санъаткорлари томонидан ижро этилган қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.