Мажбурий ижро тизимида 36,3 триллион сўмлик ундирув амалга оширилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (МИБ) томонидан жорий йил ўтган даврида қандай ишлар амалга оширилди?
Бу саволга МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов жавоб берди:
– Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан 36,3 триллион сўмлик ундирув амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,7 триллион сўмга кўп.
Ундирилган маблағларнинг 25,6 триллион сўми давлат фойдасига, 9,7 триллион сўми тадбиркорлик ва бошқа субъектлар фойдасига, 1 триллион сўмдан ортиғи эса фуқаролар манфаатлари йўлида йўналтирилди. Шунингдек, 1,3 миллионта ижро ҳужжати ахборот-коммуникация технологиялари орқали соддалаштирилган тартибда ижро этилди.

Ижтимоий йўналишдаги ижро ҳужжатлари бўйича ҳам муҳим натижалар қайд этилди. Хусусан, 2 триллион сўм алимент маблағи ундирилди. 346 нафар фуқарога Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 18,6 миллиард сўм тўлаб берилди.
Манзилли ишлар натижасида 13,4 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. 7,1 мингдан ортиқ оила яраштирилди. Шунингдек, ноқонуний ишдан бўшатилган 344 нафар фуқаро ишга тикланиб, уларга 15,2 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.
Бюро фаолиятини рақамлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Бугунги кунда 36 ижро ҳаракатининг 22 таси, шунингдек, қабул қилинган 53 миллион қарорнинг 73 фоизи инсон омилисиз автоматик тарзда амалга оширилмоқда.
Рақамлаштириш натижасида бир нафар давлат ижрочисининг ойлик иш самарадорлиги 2021 йилдаги 113 тадан 338 тагача, яъни 3 баробарга ошди.
Н.Абдураимова,
ЎзА