"Эко-дебат" — ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган янги лойиҳа
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан "Эко-дебат" лойиҳаси йўлга қўйилмоқда. Мазкур ташаббусдан мақсад ёшларнинг экологик билим ва маданиятини юксалтириш, уларда экологик муаммоларга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, шунингдек, таҳлилий фикрлаш, мулоҳаза юритиш ва мунозара олиб бориш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат.
Дарҳақиқат, бугун экология йўналишида юзага келаётган кўплаб муаммолар бу соҳада аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик билим ва қарашларини бойитишни, эко-маданиятини юксалтиришни тақозо этади. Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси томонидан қатор лойиҳалар, кўрик-танловлар, турли тадбирлар, учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. "Эко-дебат" навбатдаги қадам сифатида юртимиз ёшларини бирлаштириш, экологик масалаларга уларнинг эътиборини қаратиш, табиатга нисбатан масъулиятини оширишга қаратилган.

Лойиҳани юқори савияда ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларининг ёшлар, хотин-қизлар ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ишлашга масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, лойиҳани амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Лойиҳани барча ҳудудларда тизимли ва самарали ташкил этиш, иштирокчиларни саралаш, баҳолаш мезонларига қатъий амал қилиш ҳамда танлов жараёнларини очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА