"Маромийлик" умуммиллий ҳаракати қандай мақсадларни кўзлайди?
Ҳар бир нарсада, ёндашув ва қарашларда, муносабат ва хатти-ҳаракатларда маром ва меъёрийлик бўлгани маъқул. Негаки, ҳаддан ошиш, қайсидир маънода чегарадан чиқиш яхшиликка олиб келмайди.
Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан халқаро экспертлар иштирокида “Маромийлик” умуммиллий ҳаракатига бағишланган Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, жамиятда меъёр, масъулият ва мувозанатга асосланган ҳаёт маданиятини қарор топтириш, тежамкорликни оммалаштириш ҳамда исрофгарчилик ва дабдабабозликка қарши замонавий маърифий ёндашувларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Анжуманда Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов “Маромийлик” – чеклаш эмас, онгли танлов маданияти эканини таъкидлади. “Маромийлик” умуммиллий ҳаракатининг асосий мақсади жамиятда меъёрни қадрият даражасига кўтариш, ресурслардан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, молиявий масъулиятни кучайтириш, исрофгарчилик ва дабдабабозликнинг олдини олиш, ёшларда онгли истеъмол ва масъулиятли турмуш тарзини қарор топтиришдан иборат.

Эътироф этилганидек, бугун “Маромийлик” фақат маънавий ташаббус эмас. У иқтисодий барқарорлик, экологик масъулият ва соғлом ижтимоий муҳитни таъминлашга қаратилган комплекс ижтимоий ҳаракат сифатида ривожланмоқда.
Лойиҳанинг 1-босқичида қандай натижаларга эришилди?
“Маромийлик” умуммиллий ҳаракати қисқа вақт ичида мамлакат миқёсида кенг қамровли амалий ишларга замин яратди. Лойиҳа доирасида юртимиз бўйлаб 14 та ҳудудда семинар-тренинглар ташкил этилди. Унга 204 та олий таълим муассасаси қамраб олинди. Ушбу тадбирларда қарийб 2 минг нафар профессор-ўқитувчи, мутахассис ва талаба иштирок этди. Профессор-ўқитувчилар ҳаракатнинг асосий тарғиботчилари сифатида тайёрланди.
Шунингдек, мамлакат олий таълим тизимида сўнгги йиллардаги энг йирик социологик тадқиқотлардан бири амалга оширилди.

Тадқиқотда 58 минг 68 нафар талаба, профессор-ўқитувчи ва ходим иштирок этиб, уларнинг тўй маданияти, иқтисодий омиллар, ижтимоий босим ва маромийлик қадриятлари бўйича фикрлари ўрганилди.
Натижалар жамиятда ихчам ва мазмунли маросимларга қизиқиш ортиб бораётганини, ёшлар онгли истеъмол ва масъулиятли ҳаёт тарзига интилаётганини кўрсатди. Айни вақтда, "Одамлар нима дейди?" деган ижтимоий босим айрим қарорларга ҳали ҳам таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.
Анжуманнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – халқаро тажрибанинг тақдим этилиши. Япониянинг The Nippon Foundation ташкилоти эксперти Мичиҳиро Танабе мамлакатда асрлар давомида шаклланган ва бугунги кунда ҳам ўзини тўлиқ оқлаб келаётган “Hara Hachi Bu” – онгли таомланиш қоидаси, “Mottainai” – исроф қилмаслик ва неъматларни, табиатни асраш фалсафий тамойили, иш ва ҳаёт мувозанати, минимализм маданияти каби тамойилларнинг жамият тараққиётидаги аҳамияти ҳақида маъруза қилди.
Конференция доирасида маромийлик ғоясининг тарихий, фалсафий ва илмий асослари, миллий ва умуминсоний қадриятларда меъёр тамойили, таълим тизимида маромийлик маданиятини шакллантириш, маҳалла ва давлат бошқарувида маромийлик механизмлари мавзусида илмий ва амалий муҳокамалар ташкил этилди. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида онгли истеъмол маданиятини оммалаштириш, исрофгарчиликка қарши замонавий коммуникация технологиялари, рақамли муҳитда вақт ва эътибор маданиятига катта аҳамият қаратилди.
Конференция якунида “Маромийлик” умуммиллий ҳаракатининг илмий-амалий ривожланиш истиқболлари бўйича резолюция қабул қилинди. Давлат органлари, таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтлари учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Маҳалла, таълим, давлат бошқаруви ва хизмат кўрсатиш соҳаларида маромийлик тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.
Дарҳақиқат, маромийлик — бу чеклаш эмас, балки онгли танлов маданияти. Инсоннинг ҳақиқий фаровонлиги ортиқча истеъмолда эмас, балки меъёрни билиш, ресурсларни қадрлаш ва келажак олдидаги масъулиятни ҳис этишда намоён бўлади.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири