Ижтимоий суғурта тизимининг 2-босқичи бошланмоқда (+видео)
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида Давлат ижтимоий суғуртаси тизимидаги янги тартиблар, ижтимоий суғурта тизимининг 2-босқичи юзасидан семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 3 ноябрь куни қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Семинар иштирокчилари Давлат ижтимоий суғуртаси тизимини такомиллаштириш, аҳолини оғир ҳаётий вазиятларда моддий қўллаб-қувватлаш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида даромадсиз қолиш хавфини камайтириш ҳамда расмий бандликни рағбатлантиришга қаратилган янги тартиблар юзасидан батафсил маълумотларга эга бўлди.
– Қарор ижроси бўйича бўлаётган семинарда кўп нарсани ўргандик, – дейди “Навоий вилоят магистраль электр тармоқлари” АЖ мутахассиси Рухсора Тошева. – Ижтимоий суғурта томонидан аёлларимизни жамиятдаги ижтимоий аҳволини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламни қўллаб-қувватлаш бизнинг ишимизга ҳам жуда катта фойда беради, яъни иш жараёни рақамлаштирилади, осонлаштирилади, қоғозбозлик камаяди. Бугунги кунга қадар декрет таътилига битта ходимни жўнатдик. Ижтимоий суғурта томонидан тўловлар қилинди. Бу ҳам иш берувчига, ҳам ходимга, ҳам бизга жуда катта манфаатли бўлди. Касаллик варақалари ҳам биринчи июлдан бошлаб ижтимоий суғурта билан тўловлар қилинади. Ўйлаймизки, бу яхши фойда беради.
[gallery-30119]
Тадбирда Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тайинлаш ҳамда тўлашнинг янги тартиблари кенг тушунтирилиб, амалиётда учраётган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Мазкур семинар аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш, Давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
<iframe width="863" height="473" src="https://www.youtube.com/embed/mMLNbh_DsEQ" title="Ijtimoiy sug`urta tizimining 2-bosqichi boshlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари