Марказий Осиёда сув дипломатияси: Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари самара бермоқда
Сув энди фақат табиий ресурс эмас. XXI асрда нефть, газ ёки транспорт йўлаклари қанчалик стратегик аҳамият касб этаётган бўлса, сув ҳам давлатлар ташқи сиёсати ва минтақавий хавфсизлигининг асосий омилларидан бирига айланмоқда. Бу айниқса, иқлим ўзгариши оқибатида музликлар қисқариб, аҳоли сони ва сувга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган Марказий Осиё учун долзарбдир.
Бугун минтақадаги деярли барча йирик дарёлар трансчегаравий ҳисобланади. Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув ресурслари бир вақтнинг ўзида бир нечта давлат иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, энергетикаси ва экологик барқарорлиги учун хизмат қилмоқда.
БМТ маълумотига кўра, 2050 йилга бориб дунё аҳолисининг ярмидан ортиғи сув танқислиги кузатиладиган ҳудудларда яшайди. Иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув истеъмолининг ортиши бу жараённи янада тезлаштирмоқда.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, агар сув ресурсларини бошқаришда ҳамкорлик кучайтирилмаса, минтақамизда иқтисодий йўқотишлар ялпи ички маҳсулотнинг сезиларли қисмига етиши мумкин. Шу боис кейинги йилларда “сув дипломатияси” тушунчаси халқаро муносабатларда тобора кўпроқ қўлланилмоқда. Энди гап сувни қандай тақсимлаш ҳақида эмас, балки уни қандай биргаликда бошқариш, маълумот алмашиш, хавфни биргаликда прогноз қилиш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш ҳақида бормоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистон сўнгги йилларда фақат миллий ислоҳотлар билан чекланмай, Марказий Осиёда ҳамкорликка асосланган янги ёндашувни шакллантиришга интилмоқда. Ўлкамиз сув дипломатиясини ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида илгари сурмоқда.
Рақобатдан ҳамкорликка
Яқин-яқингача Марказий Осиёда сув масаласи кўпроқ баҳслар билан тилга олинар эди. Айрим йирик гидроэнергетика лойиҳалари, сув тақсимоти, вегетация мавсумида сув чиқариш ҳажмлари ёки энергетик алмашувлар бўйича келишмовчилик минтақа давлатлари муносабатида энг мураккаб мавзудан бири ҳисобланган.
2017 йилдан бошлаб вазият аста-секин ўзгара бошлади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва ишончли мулоқот ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши эканини бир неча бор таъкидлади. Бу ёндашув сув масалаларида ҳам амалий натижа берди.
Давлат раҳбарлари саммитлари мунтазам ўтказилмоқда, Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси доирасида ҳамкорлик фаоллашди, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича мулоқотлар янги босқичга чиқди. 2023 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш, трансчегаравий сувлар бўйича халқаро ҳуқуқ нормаларига амал қилиш ва Марказий Осиёда сув соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида қайд этди.
Ташаббуслардан амалий натижаларга
Марказий Осиёда сув масаласи бўйича мулоқотлар давом этиб келади. Янги жиҳат шундаки, кейинги йилларда улар декларация доирасидан чиқиб, амалий ҳамкорлик босқичига ўта бошлади. Буни бир нечта йўналишда кузатиш мумкин.
Аввало, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича давлатлар ўртасида мунтазам сиёсий мулоқот йўлга қўйилди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари доирасида сув масаласи алоҳида кун тартибига айланди. Бугун Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида сув тақсимоти, гидротехника иншоотларидан самарали фойдаланиш, мавсумий сув чиқариш режимлари каби масалалар мунтазам муҳокама қилинмоқда. Мутахассислар фикрича, бу ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси (ICWC) маълумотига кўра, сўнгги йилларда сув тақсимоти бўйича қарорларни қабул қилишда ахборот алмашиш ва қўшма мониторинг амалиёти кенгаймоқда. Бу ёндашув халқаро ташкилотлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Марказий Осиё давлатлари сув ресурсларини биргаликда бошқариш орқали миллиардлаб долларлик иқтисодий самарага эришиши мумкин. Ҳисоботда қайд этилишича, ахборот алмашиш, мувофиқлаштирилган режалаштириш ва қўшма инвестициялар сув хавфсизлигини таъминлашнинг энг самарали механизмларидан ҳисобланади.
Асосий вазифа маълумотни бошқариш
Экспертлар фикрича, кейинги босқичда асосий масала янги канал ёки сув омбори қуриш эмас. Асосий вазифа мавжуд сув ресурсларини аниқ ҳисоблаш, прогноз қилиш ва самарали бошқаришдир.
Жорий йил 30 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда сув соҳасидаги ислоҳотлар: эришилган натижалар, мавжуд чақириқлар ва келажак истиқболлари” мавзусидаги Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши айнан шу масалаларга бағишланди.
Муҳокамалар марказида сув хавфсизлиги, рақамлаштириш, трансчегаравий ҳамкорлик, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқариш ва илмий асосланган қарорлар қабул қилиш масалалари ўрин олди. Йиғилиш якунида ишлаб чиқилган таклифлар соҳани ривожлантиришга қаратилган янги дастурий ва стратегик ҳужжатлар учун таҳлилий асос сифатида қўлланилиши белгиланди.
Сув дипломатиясининг янги босқичи: рақамли бошқарув нима учун муҳим?
Бугунги кунда сув дипломатияси фақат давлатлар ўртасида сув тақсимоти бўйича келишувларга таяниб қолмаяпти. Чунки сув ресурсларини самарали бошқариш учун биринчи навбатда аниқ маълумот, ишончли ҳисоб-китоб ва тезкор таҳлил зарур.
Агар ҳар бир давлат турли маълумотга таянса, сув тақсимоти бўйича келишувга эришиш қийинлашади. Шунинг учун халқаро экспертлар кейинги босқични “маълумотлар дипломатияси” деб ҳам аташмоқда. Яъни, сув ҳақида барча томонлар ишонадиган ягона маълумот базаси шаклланиши керак.
Пойтахтимизда ўтган Экспертлар кенгашида Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI) ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси Илмий-ахборот маркази бош илмий ходими Искандар Абдуллаев айнан шу масалага эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, сув соҳасидаги ислоҳотлар алоҳида лойиҳа эмас, балки ягона бошқарув тизими сифатида ишлаши лозим.
– Рақамли маълумотлар ҳисоботларни шакллантириши керак. Ҳисоботлар молиявий қарорларга асос бўлиши керак. Молиявий қарорлар ишончли хизматларни таъминлаши, хизматлар эса сув фойдаланувчиларининг эҳтиёжини қондириши лозим, – дейди мутахассис.
Бугунга қадар сув соҳасида асосан инфратузилма қуришга эътибор қаратилган бўлса, энди уни қандай бошқариш масаласи биринчи ўринга чиқмоқда. Мутахассиснинг фикрича, бунинг учун сув ҳавзалари бўйича “Digital Twin” рақамли тизим яратилиши зарур.
Бу технология дарё, канал, насос станцияси, сув омбори, ер майдонлари ва сув истеъмоли ҳақидаги маълумотни ягона рақамли моделга бирлаштиради. Натижада сув сарфи, эҳтимолий танқислик, инфратузилма юкламаси ёки авария хавфи олдиндан ҳисоблаб чиқилади. Сунъий интеллект эса турли сценарийларни таҳлил қилиб, қарор қабул қилувчиларга энг мақбул вариантларни таклиф этади.
Бу ёндашувнинг яна бир муҳим жиҳати сув масаласини фақат муҳандислик нуқтаи назаридан эмас, иқтисодий ва ижтимоий омиллар билан бирга кўришдир.
Масалан, маълум ҳудудда сув танқислиги юзага келса, тизим нафақат сув ҳажмини, балки насос станцияларининг энергия сарфини, фермерлар эҳтиёжини, молиявий харажатларни ва хизмат сифатига таъсирини ҳам баҳолайди. Шу орқали қарорлар эҳтимолий муаммо юзага келгандан кейин эмас, балки унинг олдини олиш босқичида қабул қилинади.
И.Абдуллаев бу жараённи рақамли-аналитик адаптив цикл деб атайди. Унга кўра, аввал маълумот йиғилади, кейин рақамли модел орқали турли сценарийлар ҳисобланади, сунъий интеллект хавфни баҳолайди, шундан сўнг молиялаштириш ва бошқарув қарорлари қабул қилинади. Бу ёндашув халқаро ташкилотлар қарашлари билан ҳам уйғун.
Жаҳон банки ҳамда IWMI ҳисоботларида қайд этилишича, рақамли мониторинг, сунъий интеллект ва прогнозлаш технологиялари сув танқислигига тезроқ жавоб бериш, энергия сарфини камайтириш ҳамда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Ташаббуслар рақамларда қандай акс этмоқда?
Ўзбекистоннинг сув дипломатияси ички ислоҳотлар билан уйғун олиб борилаётгани аниқ рақамларда ҳам кўринади. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2026 йил февраль ойида ўтказилган йиғилишда маълум қилинишича, бугун мамлакатда 2,6 миллион гектар суғориладиган ерда сув тежовчи технология жорий этилган. Бу жами суғориладиган майдонларнинг 60 фоизини ташкил этади.
Эътиборлиси, 2017 йилгача бу кўрсаткич атиги 19 минг гектар эди. Натижада ҳар йили 5 миллиард куб метр сув тежалмоқда. 2028 йилгача мазкур технологияларни яна 930 минг гектар майдонга жорий этиш, умумий қамровни 3,5 миллион гектар ёки суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган. Бу эса йиллик сув тежамини 3,5 миллиард куб метргача ошириш имконини беради.
Бу рақамлар сув дипломатиясида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки мамлакат ичида сувдан тежамкор фойдаланиш даражаси ошгани сари трансчегаравий сув ресурсларига босим ҳам камаяди.
2025 йил августида тасдиқланган 2025–2028 йилларга мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантириш дастури ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилади.
Дастурга мувофиқ:
· 2 551 километр ирригация тармоғи реконструкция қилинади;
· 12 та йирик гидротехника иншооти автоматлаштирилади;
· 12 минг мелиорация қудуғи ва 1 750 насосда рақамли мониторинг жорий этилади;
· соҳадаги 11 та ахборот тизими ягона рақамли платформага интеграция қилинади.
Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, ушбу чоралар натижасида 2028 йилга бориб йиллик сув тежами 14 миллиард куб метрга етиши кутилмоқда.
Рақамлаштириш эндиликда фақат ички бошқарув воситаси эмас, балки сув дипломатиясининг ҳам муҳим элементига айланмоқда. Чунки очиқ ва ишончли маълумот қўшни давлатлар билан мулоқот учун умумий фактлар майдонини шакллантиради.
Ўзбекистон таклиф қилаётган янги кун тартиби
Ўзбекистон Марказий Осиёда сув масаласини сиёсий баҳс эмас, амалий ҳамкорлик мавзусига айлантиришга интилаётгани кузатилмоқда.
2025 йилда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Президент Ш.Мирзиёев минтақада сув танқислиги кучайиб бораётганини қайд этиб, 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди.
Давлатимиз раҳбари шунингдек, Амударё ҳавзасида сув ресурсларидан фойдаланиш масалалари бўйича Афғонистонни ҳам минтақавий мулоқотга жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳузурида Марказий Осиё сув бошқаруви компетенциялар марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг сув дипломатияси энди фақат ресурсларни тақсимлаш билан чекланмасдан, кадрлар тайёрлаш, рақамли технология, илмий ҳамкорлик ва умумий бошқарув маданиятини шакллантиришга ҳам қаратилганини кўрсатади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА