Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентларининг мулоқоти Бухорода давом этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 23-24 август кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 24 август куни рафиқаси билан бирга Бухоро шаҳрига келди.
Бухоро халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кутиб олди.

Тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, миллий қўшиқ ва рақслар ижро этилди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев рафиқалари ҳамроҳлигида Бухоронинг жаҳонга машҳур тарихий обидалари – Сомонийлар мақбараси, Арк қўрғони, Пойи Калон ва Лаби Ҳовуз мажмуалари, Кўкалдош мадрасасини зиёрат қилдилар.

Олий мартабали меҳмонларга ушбу ноёб обидаларнинг тарихи, меъморий хусусиятлари ҳамда Шарқда илм-фан, маданият ва шаҳарсозлик ривожидаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф Исмоил Сомоний томонидан барпо этилган Сомонийлар мақбарасидан бошланди. Ушбу обида 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Шундан сўнг етакчилар кўп асрлар давомида Бухоронинг сиёсий ва маъмурий маркази бўлиб келган қадимий Арк қалъасига ташриф буюрдилар. Археологик ва тарихий маълумотларга кўра, қалъа узоқ давр мобайнида шаклланиб келган ва яқин ўтмишдан бошлаб Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи вазифасини бажарган. Бугунги кунда Арк шаҳарнинг энг машҳур обидаларидан бири ва Бухоро тарихий марказининг муҳим қисми ҳисобланади.
Пойи Калон мажмуаси – Марказий Осиёнинг энг салобатли меъморий мажмуаларидан бири. 1127 йилда бунёд этилган машҳур Калон минораси мажмуанинг энг эътиборли иншооти бўлиб, асрлар давомида нафақат Бухоро меъморчилиги намунаси, балки шаҳарнинг ҳақиқий “ташриф қоғози” бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Ансамбл таркибига XVI аср бошларига оид Калон масжиди ва Мир Араб мадрасаси ҳам киради. Ушбу мажмуа ҳақли равишда Шайбонийлар давридаги тарихий Бухоронинг дурдоналаридан бири ҳисобланади.
Олий мартабали меҳмонларда Лаби Ҳовуз мажмуаси ҳам катта таассурот қолдирди. У қадимий ҳовуз атрофида қурилган ва эски Бухородаги энг машҳур жамоат масканларидан бири ҳисобланади.

Бу ерда Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоҳи жойлашган. Шаҳарнинг ушбу гўшаси асрлар давомида аҳоли, сайёҳлар ва илм аҳлини ўзига жалб қилувчи маскан бўлиб келган ҳамда ўрта асрлардаги Бухоронинг бетакрор муҳитини бугунги кунгача сақлаб қолган.
Ташриф давомида халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳамда тарихий обидаларга туширилган бадиий безакларнинг хусусиятлари ҳам намойиш этилди.
Озарбайжонлик меҳмонларга Бухоронинг Буюк Ипак йўлидаги ислом цивилизациясининг энг йирик илм-фан, таълим ва савдо марказларидан бири сифатидаги кўп асрлик тарихи ҳақида сўзлаб берилди.

Шу билан Озарбайжон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирлар якунланди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев озарбайжонлик ҳамкасби билан тор доирада учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди. Абадий дўстлик тўғрисидаги тарихий шартнома ва салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди, қатор қўшма лойиҳаларга старт берилди. Етакчилар икки мамлакатнинг олий давлат мукофотлари билан тақдирландилар.
Ташриф доирасида Озарбайжон Президенти Янги Тошкент лойиҳаси билан танишди. Давлат раҳбарлари Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг янги кампусини очиш ва Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғини барпо этиш ишларини бошлаш маросимларида иштирок этдилар.
Олий мартабали меҳмонларга Бухоро вилоятининг рақамлаштириш, енгил ва электротехника саноати каби соҳалардаги салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди.
Тадбирлар тугагач, Бухоро халқаро аэропортида Президент Илҳом Алиев ва рафиқасини Президент Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси кузатиб қўйди.


Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири