“Марказий Осиё – Япония”: келишувдан амалий ҳамкорлик сари
Тошкентда “Марказий Осиё – Япония” таҳлилий марказлари биринчи форуми бўлиб ўтди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўтган мулоқотда Япония, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг таҳлилий марказлари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари вакиллари, олим ва экспертлар иштирок этди.

Анжуман 2025 йил 20 декабрь куни Токиода ўтган “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг биринчи саммитида эришилган келишувларни амалга оширишнинг амалий механизмларини ишлаб чиқишга қаратилди.
Мазкур мулоқот 2004 йилда Япония ташаббуси билан йўлга қўйилган. Ўтган йигирма йилда у Япония ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг барқарор механизмига айланди. Давлат раҳбарларининг Токиода ўтган биринчи саммити эса муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.

Саммитда Токио декларацияси қабул қилиниб, “Яшил ривожланиш ва барқарорлик”, “Ўзаро боғлиқлик” ва “Инсон капиталини ривожлантириш” каби ҳамкорликнинг учта устувор йўналиши белгиланди. Форумдаги муҳокамалар ҳам шу йўналишлар асосида ташкил этилди.
Иштирокчилар барқарор иқтисодий ривожланиш, энергетика хавфсизлиги, муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик, транспорт ва рақамли боғлиқлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, сунъий интеллект ва илғор технологияларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар якунида экспертлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма тадқиқотларни ривожлантириш ва давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА