Давлат тилини ривожлантириш – сўзда эмас, амалда
Мамлакатимизда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Бундан 37 йил муқаддам, яъни 1989 йил 21 октябрда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, 2020 йил 10 апрелдаги тегишли қонунга мувофиқ ушбу сананинг Тил байрами деб белгиланиши халқимизнинг маънавий-маърифий ҳаётидаги тарихий воқеа бўлди. Жаҳондаги кўплаб тиллар орасида ўзининг жозибадорлиги, бой ва кенг имкониятлари билан ажралиб турувчи ўзбек тили кўп асрлик бой тарих ва юксак қадриятлар тимсолидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тил соҳасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсати она тилимизнинг нуфузини ошириш ва уни ҳар тарафлама ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Байрам арафасида Навоий кон-металлургия комбинати Маънавият ва маърифат марказининг режасига мувофиқ, тарғибот тадбирлари ҳамда маънавий-маърифий учрашувлар бошлаб юборилди.
Таъкидлаш жоизки, Навоий кон-металлургия комбинати 40 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ меҳнат қилаётган йирик байналминал жамоа ҳисобланади. Ана шундай улкан корхонада иш юритиш ва мулоқотнинг ўзбек тилида олиб борилаётгани давлат тилига бўлган юксак ҳурмат ва эътибор ифодасидир. Хусусан, 6 минг нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган Жанубий кон бошқармасида ҳам бу хайрли анъана мустаҳкам қарор топган.

Ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари орасида ҳам она тилини ардоқлайдиган, уни ижод намуналари ва тарғибот тадбирлари орқали кенг тарғиб этаётган фаол ҳамкасбларимиз кўпчиликни ташкил этади. Катта ҳаёт ва меҳнат тажрибасига эга Абдуҳамид Қурбонов, Абдумалик Ҳамроев, Шавкат Кенгбоев ҳамда ёш ижодкорлар Акбар Бурҳонов, Гулжаҳон Анорбоева, Отажон Асадов, Асрор Алиқулов, Руслан Тоғаймуродов, Умид Саидов, Ҳиммат Пардаев каби тарғиботчиларимиз шулар жумласидандир.
Жанубий кон бошқармаси Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи томонидан тил байрамини тизимли ва аниқ режа асосида нишонлаш анъана тусига кирган. Айни кунларда кончи-металлурглар ва муҳандис-технологлар меҳнат қилаётган Қўшрабод туманидаги “Зармитан” саноат майдони ҳамда Ғаллаорол тумани Маржонбулоқ шаҳарчасида жойлашган бўлинмаларда байрам тадбирлари кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.
Шунингдек, ишчи-ходимлар ўртасида “Мен хатосиз ёзаман” мавзусида диктант танлови ташкил этилди. Унда иштирокчилар ўзларининг хуснихати, сўз бойлиги ва саводхонлигини намоён этдилар. Ёшликда олинган билим мустаҳкам пойдевор эканини амалда исботлаган танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилари Ўзбек тили байрами арафасида муносиб рағбатлантирилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, она тилимизга бўлган ҳурмат ва эътибор фақатгина байрам кунлари билан чекланиб қолмаслиги керак. Дилида Ватан меҳри бор ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимиз она тилимизни асраб-авайлашни ва унинг софлигини сақлашни ўзининг бурчи деб билиши лозим. Зеро, она тилимизни асраш – Ватанимизни асраш ва унинг келажагини мустаҳкамлаш демакдир.
Дилдора АТАБАЕВА,
Жанубий кон бошқармаси
Ахборот ва маънавият-маърифат гуруҳи раҳбари.