Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Қозоғистонда бир қишлоқ алкоголли ичимликлар сотиш ва истеъмол қилишдан бутунлай воз кечди
Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги “Амангелди” қишлоғи алкоголли ичимликлар сотиш ва истеъмол қилишдан бутунлай воз кечди.
Таъкидланишича, ушбу қарор оқсоқоллар ташаббуси билан маҳаллий аҳолининг кўмагида қабул қилинган.
Қишлоқда 500 га яқин киши истиқомат қилади. Сўнгги тўрт йил ичида у ерда бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.
“Казинформ” хабарида алкоголдан воз кечиш жамоат тартибини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ёш авлодни тарбиялашда муҳим омилга айланиши қайд этилган. Ҳозирда мазкур вилоятда 56 та қишлоқ алкоголдан бутунлай воз кечган.
Тожикистон Рамазон ойида озиқ-овқат нархларини назорат қилишни жорий қилди
Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Душанбе шаҳрида Рамазон ойида озиқ-овқат нархларини кузатиб бориш учун махсус гуруҳлар ташкил этилган.
Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари маҳаллий бизнес вакилларига асоссиз нархларнинг ошишига йўл қўймасликка чақириб, Рамазон ойи меҳр-шафқат ойи ва хайрли ишлар вақти эканлигини эслатган.
– Афсуски, моддий манфаатларни кўзлаган баъзи фуқаролар аҳолининг ортиб бораётган талаб ва эҳтиёжларидан фойдаланиб, озиқ-овқат нархларини асоссиз равишда оширмоқда. Бундай ҳаракатлар нафақат жамиятнинг ахлоқий меъёрларига, балки маънавий ва ахлоқий қадриятларга ҳам зиддир, - деб изоҳ келтирган мамлакат Ички ишлар вазирлигининг Душанбе департаменти.
Қирғизистонда илк осма дор йўли фойдаланишга топширилди
Яқинда Бишкек яқинидаги “Ала-Арча” миллий табиат боғида илк осма дор йўли фойдаланишга топширилди.
Мазкур йиғиннинг очилиш маросимида Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров иштирок этиб, сўнгги йилларда “Ала-Арча” миллий табиат боғи сайёҳлар учун замонавий ва қулай дам олиш масканига айланганини таъкидлади.
Соатига 1000 йўловчини ташишга қодир бўлган бир километрлик осма дор йўли Австриянинг машҳур “Доппелмайр” компанияси томонидан қурилган.
– Биз ушбу канат йўлини кенгайтиришнинг иккинчи босқичи доирасида миллий боғни комплекс ривожлантиришни давом эттирамиз, - деди мамлакат раҳбари ўз нутқида. – Иккинчи босқич назорат пунктидан бошланади ва жами 12 километрни қамраб олади, миллий боғнинг энг гўзал ва бориш қийин бўлган қисмларига етиб боради.
Шунингдек, тадбирда “Ала-Арча” табиат боғида замонавий чана йўли, коттежлар ва сузиш ҳавзаси бўлган беш юлдузли меҳмонхона қурилиши давом этаётгани таъкидланди.
Туркманистон йўловчиларга хорижга озиқ-овқат олиб чиқишни тақиқлади
Февраль ойидан бошлаб Туркманистон пойтахти Ашхободдан учаётган йўловчиларга мамлакатдан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиқиш амалда тақиқланган. Хабар қилинишича, чекловлар гўшт ва балиқ маҳсулотлари, консервалар ва ҳатто нонга ҳам тегишли.
Назорат асосий божхона кўригидан олдин катта ўлчамдаги багаж ҳудудида ўтказилмоқда. Фақатгина ушбу қўшимча текширувдан сўнг саёҳатчиларга стандарт чегара назорати тартиб-қоидаларига ўтишга рухсат берилади.
Қизиқ жиҳати, вазиятга ойдинлик киритувчи расмий баёнот берилмаган. Туркманистон божхона хизмати бектир балиқларидан ташқари озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга расман ҳеч қандай тақиқ эълон қилмаган. Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам Туркманистон ҳаво йўллари веб-сайтида тақиқланган экспорт рўйхатига киритилмаган.
Turkmen.news манбаларига кўра, назорат кучайтирилгани хориж аэропортларида, хусусан, Истанбул ва Россиянинг Қозон шаҳрида туркман озиқ-овқат маҳсулотлари мусодара қилинган ҳолатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Февраль ойи бошида Қозон шаҳрида туркман фуқароларидан 10 килограммдан ортиқ асал ва 53 килограммдан ортиқ гўшт олиб қўйилгани хабар қилинган эди.
Гўзал Сатторова тайёрлади.
ЎзА