Марказий Осиё ва Озарбайжон: янги стратегик маконнинг шаклланиши
Бугунги кунда Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари анъанавий икки томонлама ҳамкорлик доирасидан чиқиб, сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Мазкур муносабатлар босқичма-босқич шаклланиб бораётган минтақавий ўзаро боғлиқлик архитектурасининг муҳим таркибий қисмларидан бирига айланмоқда. Ушбу жараёнда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, энергетик шериклик ҳамда транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш узоқ муддатли интеграциянинг асосий йўналишлари сифатида намоён бўлмоқда.
Тошкентдаги муҳим бурилиш: Марказий Осиё ва Озарбайжон ҳамкорлигининг янги босқичи
Олий даражадаги сиёсий алоқалар динамикаси юз бераётган ўзгаришларнинг кўлами ва чуқурлигини яққол намоён этмоқда. Сўнгги уч йил давомида Озарбайжон Президенти Марказий Осиё давлатларига 14 марта ташриф буюрган бўлса, минтақа мамлакатлари етакчилари Бокуда 23 марта бўлдилар. Бундай юқори суръатдаги мулоқот муносабатларнинг даврий сиёсий алоқалар шаклидан доимий стратегик шериклик даражасига кўтарилаётганидан далолат беради.

2025 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ушбу жараён ривожидаги муҳим тарихий босқич бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан минтақа давлатлари раҳбарлари Озарбайжонни мазкур форматга тўлақонли иштирокчи сифатида қўшиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилдилар.
Озарбайжоннинг ушбу форматга қўшилиши ҳамкорликнинг янги географияси шаклланаётганини намоён этди. Унинг доирасида Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ сиёсий ишонч, иқтисодий ўзаро боғлиқлик ҳамда транспорт алоқадорлигига асосланган ягона маконни шакллантиришга киришди.
Транспорт йўлаклари – минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асоси
Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг ўзаро яқинлашув кун тартибида транспорт интеграцияси марказий ўрин эгалламоқда. Замонавий транспорт йўлакларининг ривожланиши давлатларнинг географик яқинлигини муҳим иқтисодий ресурсга айлантириб, минтақанинг Евросиё савдо тизимидаги ролини сезиларли даражада ўзгартирди.
Шу нуқтаи назардан, минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичи учун моддий асос бўлиб хизмат қилаётган Ўрта коридор алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу йўналиш ишлаб чиқариш ва истеъмол марказларини Каспий минтақаси ҳамда Жанубий Кавказ орқали боғлаган ҳолда, Осиё ва Европа ўртасидаги трансконтинентал савдонинг муқобил ўқини шакллантирмоқда.
Ўрта коридор иштирокчи давлатлар учун бир-бирини тўлдирувчи устунликларни яратмоқда. Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон Евросиёнинг муҳим транзит тугунлари сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаётган бўлса, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш ҳамда жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш учун янги шароитларга эга бўлмоқда.
Нисбатан қисқа давр ичида Ўрта коридор орқали юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошди, юкларни етказиб бериш муддатлари эса анча қисқарди. “Boston Consulting Group” ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги беш йил давомида юк ташиш ҳажми 2021 йилдаги қарийб 1 миллион тоннадан 2025 йилда 4,5 миллион тоннагача кўпайган.
Бироқ ушбу йўналиш салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқариш кўп жиҳатдан Жанубий Кавказнинг яхлит транспорт архитектурасини ривожлантириш билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Евросиёнинг янги транспорт конфигурациясида қўшимча бўғинга айланиши мумкин бўлган Зангезур йўлагининг очилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мазкур йўлакнинг ишга туширилиши Ўрта коридор самарадорлигини ошириш, юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш ҳамда Марказий Осиёнинг Туркия ва Европа бозорлари билан янада мустаҳкам боғланишини таъминлаш имконини беради. Шу тариқа, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни бирлаштирувчи янги транспорт боғлиқлиги тизими шаклланмоқда.
Иқтисодий ўзаро боғлиқлик камари: товар айирбошлашдан қўшма ишлаб чиқаришгача
Транспорт боғлиқлигининг мустаҳкамланиши ўзаро савдо кўламининг кенгайиши, инвестициявий фаолликнинг ошиши ҳамда саноат кооперациясининг ривожланишига туртки берди. Натижада инфратузилма лойиҳалари янада кенгроқ вазифани бажара бошламоқда – улар минтақада ягона иқтисодий маконни шакллантириш учун платформага айланмоқда.
2025 йилда Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари билан умумий савдо айланмаси қарийб икки баравар ошиб, бир йил аввалги 936 миллион долларга нисбатан 1,76 миллиард долларни ташкил этди. Қозоғистон билан ўзаро савдо ҳажми 670 миллион долларга, Ўзбекистон билан 795 миллион долларга, Туркманистон билан 208 миллион долларга, Қирғизистон билан 77 миллион долларга, Тожикистон билан эса 13 миллион долларга етди.
Томонларнинг стратегик мақсади ўзаро савдо айланмасини келгусида 20 миллиард долларга етказишдан иборат. Бироқ ушбу мақсадга эришиш нафақат савдо ҳажмини кенгайтиришни, балки иқтисодий кооперациянинг янада чуқур шаклларига – қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, минтақавий қўшилган қиймат занжирларини ривожлантириш ҳамда маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқишга ўтишни ҳам тақозо этади.
Шу нуқтаи назардан, “Made in Central Asia” бренди остида қўшма ишлаб чиқариш майдонларини ташкил этиш концепцияси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Мазкур концепцияни амалга ошириш юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда минтақанинг глобал иқтисодиётдаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Иқтисодий яқинлашувнинг навбатдаги босқичи қўшма инвестиция киритиш механизмларини шакллантиришдан иборат. Бугунги кунда Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида икки томонлама инвестиция институтлари тармоғи ташкил этилган. Улар қаторига капитали 300 миллион доллар бўлган Қозоғистон–Озарбайжон инвестиция жамғармаси, капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон–Озарбайжон инвестиция жамғармаси ҳамда капитали 25 миллион доллар бўлган Қирғизистон–Озарбайжон тараққиёт жамғармаси киради.
Мазкур механизмлар саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика ва юқори технологияли тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилган. Уларнинг ташкил этилиши минтақавий ҳамкорлик сифат жиҳатидан ўзгараётганидан далолат беради: ҳамкорлик аста-секин савдо доирасидан чиқиб, узоқ муддатли инвестициявий шериклик хусусиятини касб этмоқда.
Умумий “яшил” энергетика маконини шакллантириш
Транспорт ва иқтисодий интеграцияни ривожлантириш билан бир қаторда, Марказий Осиё ва Озарбайжон энергетик ҳамкорликнинг янги архитектурасини изчил шакллантирмоқда. Ушбу моделда “яшил” энергетика нафақат декарбонизация воситаси, балки минтақанинг геоиқтисодий яқинлашувини таъминловчи энг муҳим омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Илгари энергетика соҳасидаги ҳамкорлик асосан алоҳида лойиҳалар билан чекланган бўлса, бугунги кунда у тизимли тус олмоқда. Ҳамкорлик қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергияси ишлаб чиқаришни ривожлантириш, трансчегаравий электр узатиш инфратузилмасини барпо этиш, миллий энергетика тизимларини интеграция қилиш ҳамда минтақавий энергетика маконини ривожлантириш бўйича умумий ёндашувни шакллантиришни қамраб олади.
Ушбу жараённи институционаллаштиришдаги муҳим босқич Бокуда ўтказилган COP29 конференцияси доирасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “яшил” энергияни ривожлантириш ва узатиш соҳасидаги стратегик шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битимнинг имзоланиши бўлди.
Мазкур ҳужжат сиёсий баёнотлардан узоқ муддатли инфратузилма лойиҳаларини амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш босқичига ўтилганини кўрсатди. Битим уч давлат энергетика тизимларини интеграция қилиш, трансчегаравий тармоқларни ривожлантириш ҳамда қайта тикланувчи манбалардан ишлаб чиқарилган электр энергиясини экспорт қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратишни назарда тутади.
Шу тариқа, ташқи бозорларга “яшил” электр энергиясини етказиб бериш ҳамда Евросиёнинг барқарор энергетика архитектурасини шакллантиришда минтақанинг ролини ошириш имконини берувчи янги энергетика макони пойдевори яратилмоқда.
Эришилган келишувларнинг амалий давоми сифатида 2025 йил июль ойида “Yasil Dehliz Birliyi” қўшма корхонаси ташкил этилди. Унга “Марказий Осиё – Озарбайжон яшил энергетика йўлаги” лойиҳасини амалга ошириш жараёнида мувофиқлаштирувчи вазифа юклатилди.
Гап Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика инфратузилмасини интеграция қилишга асосланган Каспий минтақасининг ягона энергетика контурини шакллантириш ҳақида бормоқда. Ушбу модель доирасида Озарбайжон Марказий Осиёнинг қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги улкан салоҳияти билан Европа электр энергияси бозорлари ўртасидаги боғловчи бўғин вазифасини бажаради.
Бундай йўналишнинг яратилиши экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, минтақанинг энергетик ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ҳамда Европанинг энергетика хавфсизлигини таъминлашда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг ролини ошириш учун янги имкониятлар очади.
Рақамли инфратузилма – минтақавий ўзаро боғлиқликнинг муҳим контури
Бугунги кунда минтақавий интеграция жараёнларини фақат транспорт ва энергетика инфратузилмаси нуқтаи назаридан кўриб чиқишнинг ўзи етарли эмас. Иқтисодиётларнинг барқарор ривожланиши ҳамда минтақа рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим шартларидан бирига айланаётган рақамли ўзаро боғлиқлик тобора катта аҳамият касб этмоқда.
Рақамли инфратузилма замонавий транспорт йўлакларининг самарали фаолият юритишини таъминлайди, электрон савдони ривожлантиришга, молиявий операцияларни тезлаштиришга ҳамда миллий иқтисодий тизимларни ўзаро интеграция қилишга хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, Грузия орқали Европа тармоқларига чиқишни назарда тутувчи “Боку — Актау” сувости кабелини ётқизишга қаратилган транскаспий “Рақамли ипак йўли” лойиҳаси алоҳида стратегик аҳамият касб этмоқда. Мазкур лойиҳа илк бор 2018 йилда Бокуда илгари сурилган. Ўшанда Озарбайжоннинг “AzerTelecom” компанияси мамлакат ҳукумати кўмагида Қозоғистоннинг “Transtelecom” ва “KazTransCom” компаниялари билан транскаспий рақамли йўлагини яратиш бўйича уч томонлама меморандум имзолаган эди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ушбу лойиҳани Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг умумий рақамли кун тартибидаги муҳим йўналишлардан бири сифатида тақдим этди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши икки йирик иқтисодий макон ўртасида маълумот узатишнинг муқобил йўналишини шакллантириш, телекоммуникация тармоқлари барқарорлигини ошириш ҳамда минтақа давлатларида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиш имконини беради.
Шу тариқа, транспорт йўналишлари, энергетика тизимлари ва рақамли тармоқлар босқичма-босқич минтақавий ўзаро боғлиқликнинг ягона контурига бирлашмоқда. Уларнинг ривожланиши алоҳида инфратузилма лойиҳаларидан узоқ муддатли иқтисодий ўзаро боғлиқликка асосланган комплекс ҳамкорлик моделига ўтилаётганидан далолат беради.
Муштарак цивилизациявий мерос – стратегик яқинлашувнинг пойдевори
Ҳар қандай интеграция жараёнининг барқарорлиги фақат иқтисодий кўрсаткичлар ва инфратузилма лойиҳалари билан белгиланмайди. Унинг узоқ муддатли самарадорлиги кўп жиҳатдан гуманитар алоқаларнинг теранлиги, халқларнинг тарихий яқинлиги ҳамда умумий ишонч маконини шакллантириш қобилиятига боғлиқ.
Марказий Осиё ва Озарбайжонни Евросиёнинг муҳим маданий ва савдо йўллари чорраҳасида шаклланган кўп асрлик цивилизациявий мерос бирлаштириб туради. Ислом тамаддунининг олтин даврида ушбу минтақа жаҳон илм-фани, таълими ва маданиятининг энг йирик марказларидан бири бўлиб, дунё цивилизацияси тараққиётига улкан таъсир кўрсатган.
Бу заминда Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Абай Қўнонбоев, Чўқон Валихонов, Қаниш Сатпаев, Чингиз Айтматов, Қосим Тинистанов, Исо Охунбоев, Садриддин Айний, Муҳаммад Осимий, Махтумқули Фироғий, Вели Муҳатов, Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий сингари буюк олимлар, мутафаккирлар ва адиблар яшаб, ижод қилган. Уларнинг математика, астрономия, тиббиёт, фалсафа, илоҳиёт, адабиёт ва мусиқа соҳаларидаги асарлари асрлар давомида жаҳон илмий ва маданий тафаккури ривожига йўналиш бериб келган.
Бугунги кунда ушбу муштарак интеллектуал мерос нафақат асраб-авайланиши лозим бўлган бойлик, балки минтақавий ўзликни ва гуманитар ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашнинг муҳим манбайига ҳам айланмоқда. Маданий-маърифий ва таълим ташаббуслари давлатлар ўртасида барқарор шерикликни шакллантиришнинг қўшимча воситаси сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур тенденция замонавий минтақавий лойиҳаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. 2026 йил май ойида Озарбайжон илк бор Бухорода бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотида ҳамкор давлат сифатида иштирок этди. Тадбир якунида “SheScience Central Asia” тармоғи ташкил этилди.
Марказий Осиё ва Озарбайжон янги модели – ягона геоиқтисодий макон
Кенгроқ маънода, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик Евросиёда регионализмнинг янги модели шаклланаётганини акс эттиради. Мураккаб миллий институтларни ташкил этишга асосланган анъанавий интеграция форматларидан фарқли равишда, мазкур ёндашув, асосан, аниқ ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш орқали ривожланмоқда.
Пировардида, Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги шерикликнинг ривожланиши шунчаки икки томонлама алоқаларнинг кенгайишини эмас, балки янги стратегик конфигурациянинг шаклланишини англатади. Ушбу конфигурацияда Каспий минтақаси Шарқ ва Ғарб, Осиёнинг ишлаб чиқариш марказлари ва Европа бозорлари ўртасидаги муҳим кўприкка айланмоқда.
Айнан сиёсий ишонч, инфратузилмавий боғлиқлик, энергетик салоҳият ҳамда муштарак тарихий-маданий мероснинг уйғунлиги Марказий Осиё ва Озарбайжоннинг шаклланаётган Янги Марказий Осиё архитектурасидаги асосий таянч нуқталардан бирига айланиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Аббосбек Машрапов,
Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими