Италиянинг «5+1» тажрибаси: Марказий Осиё билан стратегик шерикликнинг янги босқичи
Филиппо Коста Буранелли — Сент-Эндрюс университети профессори, Марказий Осиё бўйича етакчи британиялик тадқиқотчилардан бири бўлиб, кўп йиллардан буён минтақадаги халқаро-сиёсий жараёнларни ўрганиб келмоқда.
Олим «Марказий Осиё — Италия» («5+1») формати доирасидаги ҳамкорликнинг қизиқарли ва кўп жиҳатдан намунали тажрибасига бағишланган мақола тайёрлади. Мазкур тажриба минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга доир янги ёндашувларни намоён этади.
«Италия — Марказий Осиё» сиёсат мактаблари: «5+1» форматидаги ҳамкорликнинг стратегик манифести
Ҳозирги глобал шароитда Марказий Осиёга халқаро қизиқиш тобора ортиб, минтақа жадал суръатларда халқаро муносабатларнинг мустақил ва обрўли субъектига айланиб бормоқда. Бу ўзгариш фақат жаҳон энергетикаси ёки транзит географиясидаги силжишлар билан боғлиқ эмас. У минтақанинг халқаро майдондаги роли ортиб бораётгани ҳамда Евроосиё маконидаги барқарорлик ва интеграция жараёнларига таъсир кўрсатиш салоҳияти эътироф этилаётганидан далолат беради.
Айнан шу нуқтаи назардан, 2026 йил май ойининг охиридан июль ойининг ўрталарига қадар ўтказилган «Сиёсат мактаблари» алоҳида аҳамият касб этади. Улар «5+1» — Италия ва Марказий Осиёнинг беш республикаси: Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик форматини амалга оширишда мутлақо янги ёндашувга ўтилганини англатади. Бу анъанавий дипломатиядан умумий институционал келажакка йўналтирилган чуқур инвестицияларга ўтишдир.
Мазкур ўзгариш, энг аввало, «донор — қабул қилувчи» шаклидаги одатий ҳамкорлик моделидан принципиал равишда воз кечилганида яққол намоён бўлмоқда. Ушбу ташаббус стратегик институционал восита сифатида Италия томонидан Марказий Осиёнинг ортиб бораётган роли сўзсиз эътироф этилаётганини, минтақа давлатлари эса Италияни ишончли ва муҳим шерик сифатида қабул қилаётганини кўрсатади.
Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат бошқаруви академияларининг 80 нафар тингловчисини қабул қилиш орқали Италия минтақа етакчиларининг янги авлоди инсон капиталига сармоя киритмоқда. Италия Ташқи ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган ва молиялаштирилган мазкур ҳамкорлик 2025 йил 30 май куни Остона шаҳрида имзоланган Қўшма декларацияга асосланади. Унда Италия ва Марказий Осиё давлатлари юқори даражадаги дипломатик мажбуриятларни давлат бошқаруви соҳасидаги аниқ тажриба ва амалий кўникмаларга айлантириш йўлида фаолият юритаётган тенг ҳуқуқли шериклар сифатида қаралади.
Лойиҳанинг яна бир муҳим натижаси умумий эксперт маконини шакллантириш ва «қуйидан юқорига» тамойилига асосланган таҳлилий ёндашувларни ривожлантириш, аввало, ҳамкорликнинг ягона профессионал тилини яратишдан иборат. «Сиёсат мактаблари» Венециядаги Ка-Фоскари университети ташаббуси ва мувофиқлаштируви асосида амалга оширилаётган BRIDGE — Building Resilient Institutional Dialogue for Governance and Education, яъни «Бошқарув ва таълим соҳасида барқарор институционал мулоқотни шакллантириш» кенг қамровли дастурининг муҳим таркибий қисмидир.
Дастур экспертлар ва давлат хизматчилари ўртасида ихтисослашган билимларни бевосита алмашишга кўмаклашиш орқали давлат бошқарувининг «умумий тили»ни шакллантирмоқда. Барқарор қишлоқ хўжалиги масалалари Болонья ва Тушия университетлари, ўзаро боғлиқлик ва инфратузилма масалалари Римнинг «Sapienza» университети, сув ресурслари ва соғлиқни сақлаш йўналишлари Ка-Фоскари университети, Италия Миллий соғлиқни сақлаш институти ва «Sogesid Ltd» компанияси, қайта тикланувчи энергетика эса Милан-Бикокка университети иштирокида ўрганилмоқда.
Мазкур таълим дастурлари — «Сиёсат мактаблари»нинг мақсади умумий минтақавий ва минтақалараро вазифаларни ҳал этиш учун ягона концептуал, техник ва сиёсий асосни яратишдан иборат. Шу билан бирга, улар узоқ муддатли геосиёсий барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлайдиган ўзига хос «суғурта кафолати»ни шакллантиришга хизмат қилади.
Мутахассислар ва олимлар иштирокидаги маърузалар, техник семинарлар ҳамда сув хавфсизлигига оид «Венеция йўл харитаси» каби амалий ҳужжатларни ишлаб чиқиш орқали иштирокчилар фақат назарий билимларни ўзлаштириш билан чекланмайди. Улар амалий стандартларни уйғунлаштириб, юқори сифатли фаолият ва илғор тажрибаларни жорий этишга йўналтирилган трансмиллий профессионал ҳамжамиятни шакллантирмоқда.
Ўзига хос модулли ёндашувга асосланган ҳамда иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва рақамли инфратузилма каби стратегик муҳим йўналишларни қамраб олган «Сиёсат мактаблари» тажрибаси оддий таълим ташаббуси доирасидан анча кенгдир. У бошқа европалик шериклар томонидан ҳам кенгайтириш ва амалиётга татбиқ этиш салоҳиятига эга бўлган самарали институционал ҳамкорлик моделини намоён этмоқда.
2026 йилга қадар тўпланган тажриба шуни кўрсатадики, институционал ривожланиш, яъни бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳақиқий иқтисодий интеграция, барқарор тараққиёт, энергетик трансформация, қишлоқ хўжалигини оқилона юритиш ва сув ресурсларини самарали бошқариш, шунингдек, трансрегионлараро транспорт йўлакларини муваффақиятли ривожлантиришнинг энг тўғри ва ишончли йўлидир.
Мазкур тажрибадан келиб чиқадиган асосий хулоса шундан иборатки, узоқ муддатли шериклик, энг аввало, институтлар, билим ва инсон капиталига инвестиция киритиш орқали шаклланади. Ушбу мактабларнинг муваффақияти сиёсий ирода ва интеллектуал салоҳият мавжуд бўлган шароитда «Италия — Марказий Осиё» («5+1») формати аниқ стратегик натижаларни таъминлай олишини тасдиқлайди.
Бу ўзаро манфаатдорлик, ҳурмат ва институционал мослашувчанлик тамойилларига ҳам раҳбарият, ҳам қуйи бўғинлар даражасида устувор аҳамият бераётган Италия ва унинг Марказий Осиёдаги шериклари глобал тенденцияларга шунчаки муносабат билдириш билан чекланмаётганини кўрсатади. Аксинча, улар минтақанинг янада барқарор, интеграциялашган ва ҳамкорликка асосланган келажагини фаол равишда шакллантирмоқда.
Шу маънода, мазкур ташаббус оддий таълим дастуридан анча кенг мазмунга эга. У узоқ муддатли стратегик шерикликнинг амалий ифодаси бўлиб, келгуси ўн йилликда Италия ва Марказий Осиё ўртасидаги давлатлараро муносабатлар мазмуни ҳамда ҳамкорлик архитектурасини белгилаш салоҳиятига эга.
ЎзА