Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон тадбиркор аёллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди
Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқоти доирасида Олий Мажлис Сенатида “Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжонда аёллар тадбиркорлиги: иқтисодий интеграция, янги имкониятлар ва барқарор минтақавий ҳамкорлик” мавзусида онлайн шаклда бизнес-форум ўтказилди.
Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқотига раислик қилмоқда. Мазкур форум мулоқотнинг йиллик иш режасига асосан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирда минтақа давлатларининг парламентлари, савдо-саноат палаталари, бизнес уюшмалари, молия институтлари ҳамда тадбиркорлик тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Форум мобайнида аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, молиявий ресурслардан фойдаланиш ва янги бозорларга чиқиш, қўшма лойиҳалар, ишлаб чиқариш ва савдо кооперацияси ҳамда узоқ муддатли иқтисодий шерикликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш, молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш учун зарур ташкилий-институционал шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида хабардор қилинди.
Бизнеснинг турли босқичларига мос молиявий воситаларни, жумладан, бошланғич сармоя, айланма маблағ, кафолат механизмлари ва экспортни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.
Электрон савдо, рақамли маркетинг ва киберхавфсизлик бўйича қўшма ўқув ва тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш, тадбиркор аёлларнинг рақамли кўникмаларини ошириш ҳамда уларнинг замонавий бозор талабларига мослашишига кўмаклашиш бўйича таклифлар билдирилди.

Форум якунида тадбиркор аёллар ўртасида 9 меморандум, 2 келишув ва 7 шартнома тузишга келишиб олинди.
Мазкур ҳужжатларни Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқоти доирасида жорий йил декабрь ойида ўтказиладиган тадбирда имзолаш режалаштирилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА