Марказий банк: Ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсди, инфляция эса 7,3 фоизни ташкил этди
Жаҳон иқтисодиётида геосиёсий зиддиятлар, инфляцион босим ва молия бозорларидаги ўзгарувчанлик сақланиб қолаётган бир шароитда ҳар бир мамлакат учун молиявий барқарорликни таъминлаш стратегик вазифага айланмоқда. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Марказий банк томонидан эълон қилинган 2025 йил учун Молиявий барқарорлик шарҳида мамлакатимиз молия тизими барқарор ривожланаётгани кўрсатилган. Ҳисоботга кўра, банклар етарли капитал ва ликвидлик захирасига эга, муаммоли кредитлар улуши қисқарган, даромадлилик кўрсаткичлари яхшиланган. Шу билан бирга, уй-жой бозорида мувозанат шаклланиб, аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятлари кенгайган.
Бироқ, ҳар қандай ижобий натижа каби мазкур кўрсаткичлар ҳам доимий таҳлил ва назоратни талаб этади. Айниқса, микроқарзлар ҳажмининг ортиши, рақамли молия хизматлари кенгайиши билан боғлиқ киберхавфлар ҳамда ташқи иқтисодий беқарорлик молия тизими олдидаги муҳим синовлардан бўлиб қолмоқда. Шу боис, Марказий банк томонидан жорий этилаётган Базел III стандартлари, макропруденциал механизмлар ва таваккалчиликларни бошқаришга қаратилган янги ёндашувлар молиявий барқарорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда энг муҳим масала — эришилган барқарорликни сақлаб қолиш, иқтисодий ўсиш суръатларини молиявий хавфсизлик билан уйғунлаштириш ва банк тизимининг аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига ишончли молиявий таянч бўлиб қолишини таъминлашдан иборат.
Шарҳга кўра, глобал иқтисодий ноаниқликларнинг бир қадар камайиши, ички валюта бозоридаги барқарорлик, банк тизими кўрсаткичларининг яхшиланиши ва иқтисодий фаолликнинг ўсиши натижасида Ўзбекистонда молиявий шароитлар анча енгиллашди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакат банк тизими бугунги кунда етарли капитал, юқори ликвидлик ва барқарор даромадлиликка эга бўлиб, ташқи ва ички иқтисодий босимларга нисбатан анча чидамли ҳолатга келган. Бироқ, чакана кредитлар, айниқса микроқарзлар сегментидаги хавфлар келгусида ҳам доимий назоратни талаб қилади.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 январь ҳолатига мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсди. Инфляция 7,3 фоизни ташкил қилди. Банк тизимида муаммоли кредитлар улуши 3 фоизгача пасайди, капиталнинг монандлик коэффициенти (CAR) 18,3 фоиз, биринчи даражали капитал (CET1) эса 14,7 фоиз бўлди. Шунингдек, ликвидликни қоплаш коэффициенти 208 фоиз, соф барқарор молиялаштириш коэффициенти 120 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар халқаро меъёрлардан анча юқори бўлиб, банкларнинг қисқа ва узоқ муддатли молиявий мажбуриятларни бемалол бажара олишини англатади.
2025 йил давомида банклар фойдалилиги ошди, депозитлар ҳажми кенгайди ва кредит портфели сифати яхшиланди. Активлар рентабеллиги (ROA) 2,2 фоиз, капитал рентабеллиги (ROE) эса 12,4 фоизга етди. Бу натижалар банкларнинг капитал базаси мустаҳкамлангани, молиявий захиралари етарлилиги ҳамда иқтисодиётни молиялаштириш имкониятлари кенгайганини кўрсатади. Шу билан бирга, банк тизимидаги молиявий стресс индекси сўнгги йиллардаги энг паст даражага тушгани тизимда хавотирли босимлар камайганидан далолат беради.
Шарҳда қайд этилишича, 2025 йилда уй-жой бозорида ортиқча қизиш белгилари пасайган. Уй-жой нархлари иқтисодий асосланган фундаментал омиллар атрофида шаклланган. Сўмда ҳисоблаганда уй-жой нархлари йил давомида 4,8 фоизга пасайган, аммо миллий валюта мустаҳкамлангани ҳисобидан хорижий валютадаги қиймати 1,5 фоизга ўсган.
Айни вақтда аҳоли даромадларининг ўсиши ва ипотека шартларининг енгиллашиши уй-жой сотиб олиш имкониятини сезиларли оширди. Номинал иш ҳақи 19 фоизга, уй-жой харид қилиш қобилияти индекси эса 115 фоиздан 126 фоизгача кўтарилди. Натижада 2025 йилда турар жой олди-сотди шартномалари 15 фоизга ошиб, қарийб 295,4 мингтани ташкил этди.
Марказий банк маълумотларига кўра, аҳолининг қарзга хизмат кўрсатиш даражаси (DSTI) 38 фоиздан 37 фоизга тушди. Ипотека кредитларида мазкур кўрсаткич 49 фоизга, автокредитларда эса 60 фоиздан 37 фоизгача пасайгани аҳолининг қарз юки енгиллашаётганини англатади. Бу, аввало, аҳоли даромадлари ўсиши ҳамда кредит ажратишдаги макропруденциал талабларнинг кучайтирилгани билан изоҳланади.
Шу билан бирга, ҳисоботда микроқарзлар сегментига алоҳида эътибор қаратилган. 2025 йил якунига келиб микроқарзлар портфели 48,8 триллион сўмга етди ва умумий кредит портфелининг 8 фоизини ташкил қилди. Микроқарз олганлар сони 2,7 миллион нафарга яқинлашди. Бир қарздор ҳисобига тўғри келадиган шартномалар сони ҳам 1,7 тадан 1,9 тага кўпайган. Бу эса келгусида кредит сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омил сифатида баҳоланмоқда. 2025 йил давомида Марказий банк томонидан Базел III халқаро стандартлари асосида бир қатор макропруденциал чоралар қабул қилинди. Жумладан, капитал буферлари кучайтирилди. Ипотека ва автокредитлар учун LTV талаблари жорий этилди. DSTI кўрсаткичи бўйича чекловлар кучайтирилди. Микроқарзлар, кредит карталари ва овердрафтлар улуши кредит портфелининг 25 фоизидан ошмаслиги белгиланди. Бу чоралар банк тизимида хавфларнинг ортиқча тўпланишини чеклашга хизмат қилади.
Умуман олганда, мамлакат молия тизими бугунги кунда ташқи иқтисодий босимларга нисбатан анча чидамли ҳолатда шаклланган. Энди асосий вазифа — мавжуд барқарорликни сақлаб қолиш, кредит сифати устидан назоратни кучайтириш, рақамли хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий ўсишни молиявий барқарорлик билан уйғун ҳолда давом эттиришдан иборат.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА