Экспортга элтувчи замонавий кўприк
Бугун жаҳон бозорларида рақобат тобора кескин тус олаётган шароитда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг ўзи етарли эмас. Уни белгиланган талаблар асосида саралаш, сифатини сақлаш, замонавий қадоқлаш ва қисқа муддатларда истеъмолчига етказиб бериш экспорт муваффақиятининг ҳал қилувчи омилларига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳудудида жойлашган BMB-NRC Agrologistics агрологистика мажмуаси экспорт занжирининг муҳим бўғини сифатида деҳқон ва тадбиркорларга кенг имкониятлар яратмоқда.
Мажмуада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари ягона тизим асосида ташкил этилган. Энг муҳими, божхона, фитосанитария ҳамда банк хизматларининг бир ҳудудда жамлангани экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун катта қулайлик яратмоқда.
Бу эса ортиқча вақт сарфлаш ва турли идоралар ўртасида сарсон бўлиш эҳтиёжини бартараф этади. Барча зарур хизматларнинг бир жойда йўлга қўйилгани экспорт жараёнларини сезиларли даражада тезлаштириш, маҳсулот сифатини сақлаш ва унинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Натижада тадбиркорлар асосий эътиборини қоғозбозликка эмас, маҳсулот етиштириш, ҳосилдорликни ошириш ва янги бозорларни ўзлаштиришга қаратиш имконига эга бўлмоқда.

Айни пайтда мазкур мажмуа орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижий мамлакатларга мунтазам равишда экспорт қилинмоқда. Хусусан, яқинда Германия, Литва, Латвия ҳамда Россияга юборилган Ўзбекистоннинг сархил қовунлари ва сифатли карам маҳсулотлари мамлакатимиз аграр соҳасининг салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Бу маҳсулотлар нафақат юртимиз заминининг баракаси ва меҳнаткаш деҳқонлар заҳматининг самараси, балки миллий маҳсулотларимизнинг халқаро бозорларда муносиб ўрин эгаллаётганининг ҳам амалий ифодасидир.
Экспорт ҳажмининг барқарор ўсиши ташқи савдо кўрсаткичларини мустаҳкамлаш билан бирга, ўзбек мева-сабзавотларига бўлган ишонч ва талаб тобора ортиб бораётганини ҳам кўрсатмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар эшигини очиб, экспорт географиясини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Даладан бошланган машаққатли меҳнат самарасининг жаҳон бозорларигача етиб боришида замонавий логистика инфратузилмасининг аҳамияти беқиёс. BMB-NRC Agrologistics мажмуаси ана шундай ишончли боғловчи бўғин сифатида экспорт жараёнларининг самарадорлигини таъминлаб, тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратмоқда. Бу эса Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро бозорлардаги нуфузини янада юксалтириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири