Тоғ-кон саноати: ШҲТ давлатлари ўртасида тажриба алмашинуви кенгаймоқда
Бугунги кунда тоғ-кон саноатини барқарор ривожлантириш, ер қаъридан оқилона ва самарали фойдаланиш, минерал-хомашё базасини кенгайтириш ҳамда геологик-қидирув ишларини жадаллаштириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда замонавий технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва соҳада илғор халқаро тажрибани ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) доирасида тоғ-кон саноати ва ер қаъридан фойдаланиш соҳасида тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда илғор амалиётларни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар муҳим ўрин тутади.
Яқинда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги делегацияси Москва шаҳрида хизмат сафарида бўлиб, ШҲТнинг “Ер қаъридан фойдаланишнинг энг яхши амалиётлари” мавзусидаги конференциясида иштирок этди.
Конференцияда ШҲТга аъзо давлатлар вакиллари ўз мамлакатларида тоғ-кон саноатини ривожлантириш, ер қаъридан самарали фойдаланиш, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва соҳада замонавий технологияларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тақдимотлар ўтказди. Шунингдек, конларни биргаликда ўзлаштириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича режалар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизнинг ер қаъридан самарали ва масъулиятли фойдаланиш соҳасидаги ёндашувлари тақдим этилди. Хусусан, минерал-хомашё базасини кенгайтириш, геологик-қидирув ишларини жадаллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда соҳага инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.
Шу билан бирга, анжуман иштирокчилари томонидан соҳадаги илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бу эса ШҲТ давлатлари ўртасида тоғ-кон саноати соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА