Маърифатга таянган тараққиёт
Мустақиллик халқимиз ҳаётида янги даврни бошлаб берган, миллий ўзлигимиз, қадриятларимиз, бой илмий ва маънавий меросимизни қайта англаш учун кенг йўл очган буюк неъматдир.
Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаяпмиз. Ўтган йилларга назар ташлар эканмиз, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки халқимизнинг асрий қадриятлари, буюк аждодлар мероси ва маънавий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.

Айниқса, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-маърифат, диний таълим ва буюк алломаларимиз меросини ўрганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан кўп ўтмай бу эзгу ғоя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди.
Бу шунчаки янги таълим муассасасининг очилиши эмас, балки Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни камолга етказган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик анъаналарини замонавий асосда давом эттириш йўлидаги тарихий қадам бўлди.
Ҳадис илми мактаби олдига Қуръони карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур ўрганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қўйилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бўлган эзгулик, ҳалоллик, адолат, бағрикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуғлаш сингари умуминсоний ғояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга тўғри ва илмий асосда етказиш таълим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди.
Бугун Ҳадис илми мактабида таълим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машғулотлар билан ҳам узвий боғланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, яъни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят йўллари ва санадларини ўрганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига кўра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни таҳқиқ қилиш бўйича амалий кўникмаларни эгалламоқдалар.
Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам ўзига хос илмий-маърифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини ўрганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини ўтамоқда.
Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан боғлиқ масканда улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг ўз буюк аждодига бўлган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Мажмуанинг буюк муҳаддис бобомизнинг мақоми ва салоҳиятига муносиб тарзда қайта бунёд этилиши, уни илм-маърифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага бўлган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан маънавий хазина сифатида ўрганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Сўнгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва маърифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.
Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни – маърифатли, ўз тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш ниятини кўриш мумкин. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак масъулият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини ўрганиш ва ўргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги маънавий бурч ҳамдир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини берган бўлса, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-маърифий меросимизни чуқур ўрганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва маърифатпарварлик ғояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, ўз ўтмишини англаган, илмни қадрлаган ва маърифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бўлади.
Барот АМОНОВ,
Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ректори.
ЎзА