Алишер Саъдуллаев Жаҳон банки минтақавий директори билан учрашди
Бугунги кунда ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни замонавий билим ва кўникмалар билан қуроллантириш ҳамда бандлигини таъминлаш нафақат давлат ташкилотлари, балки халқаро молиявий институтларнинг ҳам доимий диққат-марказида бўлиб келмоқда.
Бу борадаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Наджи Бенхасин ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш ва йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги навбатдаги салмоқли қадам бўлди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, агентлик томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимот қилинди.
Хусусан, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, касбий тайёргарлик ва замонавий кўникмаларни шакллантириш, қишлоқ ҳудудларида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ижтимоий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар учун замонавий инфратузилма яратиш, янги иш ўринларини шакллантириш ва истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида 2027 йилдан бошлаб ёшлар билан ишлаш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда ёшлар ташаббусларини Жаҳон банки томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятларини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Ёшлар ишлари агентлиги ва Жаҳон банки ўртасидаги мазкур мулоқот Ўзбекистон ёшларининг келажагига йўналтирилган узоқ муддатли ва стратегик ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиб беради. Жумладан, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро молиявий институтнинг мамлакатимиздаги ёшлар сиёсатига юқори баҳо бериши ва уни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тўғри йўналишда эканидан далолат.
Гулноза Бобоева,
ЎзА