Марҳамат туманида Беларусь билан ҳамкорликдаги янги корхона иш бошлади
Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари ўртасидаги дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланиб, янги-янги лойиҳалар билан янада бойимоқда. Жумладан, Андижон вилоятида Беларусь Республикаси ҳудудлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши алоқаларни янада юқори босқичга кўтармоқда.
Марҳамат тумани Алитепа маҳалласида Беларусь Республикасидаги машҳур “MARK FORMELLE” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компания корхонасининг иш бошлаганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишлардан бири бўлди.
Беларусь Республикаси Минск области ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко, Марҳамат тумани ҳокими Илёсбек Умрзоқов, Беларусь Республикаси делегацияси аъзолари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, туман фаоллари иштирок этган тадбирда ҳамкорликда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш, чорвачилик ва бошқа истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, фуқаролар учун қулай ва даромадли меҳнат имкониятларини яратиш муҳим эканлиги қайд этилди.


Умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа доирасида ташкил этилган мазкур корхонада 200 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа маҳаллий хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, аҳолини замонавий ишлаб чиқариш жараёнларига жалб этиш, доимий ва муносиб даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш ҳамда енгил саноатни ривожлантириш ҳамда ҳудуд иқтисодиётини юксалтиришга хизмат қилади.
Корхонада кўплаб турдаги тайёр трикотаж маҳсулотлар тайёрланади ва маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.


Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири