Жиззах қовунлари Хитой бозорида
Жорий йил сентябрь ойида "BMB Holding" компанияси таркибидаги корхоналарда етиштирилган юқори сифатли қовунларнинг янги партияси Хитой бозорига жўнатилди.
Гап фақат қовун етиштириш ҳақида эмас. Гап уни харидорга қандай ҳолда етказиш ҳақида ҳам бормоқда.
Хитойга жўнатилган партияни тайёрлаш ишлари “BMB-NRC Agrologistics” мажмуасида ташкил этилди. Бу ерда янги узилган қовунлар қабул қилиниб, дастлабки саралашдан ўтказилди. Эътиборли жиҳати, маҳсулотнинг ташқи кўриниши билан чекланиб қолинмай, ички ҳолати ҳам текширилди. Зарур намуналар олиниб, қовуннинг етилиш даражаси, сифати ва узоқ масофага ташишга яроқлилиги баҳоланди.

Аслида, ташқи бозорда рақобат шу ердан бошланади. Даладан чиққан маҳсулотнинг ташқи кўриниши қанчалик жозибадор бўлмасин, унинг ички сифати кафолатланмаса, экспортда барқарор натижага эришиш қийин. Шу боис саралаш ва сифат назоратини экспорт занжирининг иккинчи даражали эмас, балки асосий бўғини сифатида қараш талаб этилади.

Хитой бозорига қовун етказиб беришда мавжуд имкониятлар билан бир қаторда маҳсулотнинг импортчи давлат талабларига мослиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу маънода, “BMB Holding” корхоналарида зарур Хитой сертификатларининг мавжудлиги экспортни бир марталик жўнатма даражасида қолдирмай, уни мунтазам йўлга қўйиш учун муҳим замин яратади.

Зеро, ташқи бозорда бир марта пайдо бўлишдан кўра, унда ўз ўрнини сақлаб қолиш мураккаброқ. Бунинг учун маҳсулот сифати ҳар бир партияда барқарор бўлиши, етказиб бериш муддатлари бажарилиши, логистика пухта ташкил этилиши ва харидор талаби доимий ўрганилиши керак. Айниқса, Хитой сингари йирик бозорда бу талаблар янада муҳим.

“BMB-NRC Agrologistics” мажмуасида маҳсулотни қабул қилиш, сифатини баҳолаш, саралаш ва жўнатиш жараёнларининг бир тизимга келтирилгани ана шу вазифаларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Етиштириш ва экспорт ўртасидаги узвий боғлиқлик таъминлангани сайин, мавсумий маҳсулотни ташқи бозорга чиқаришдаги таваккалчилик ҳам камаяди.

Энди эътиборни фақат экспорт ҳажмига эмас, унинг барқарорлигига қаратиш муҳим. Хитойга йўл олган ушбу қовун партияси ана шу мақсад сари қўйилган навбатдаги қадамдир.

Далада етиштирилган қовуннинг минглаб километр узоқликдаги харидор дастурхонига етиб бориши – фермер меҳнати, замонавий логистика ва сифат назорати бир нуқтада туташганини англатади. Агар бу тизим изчил давом эттирилса, бугун Хитойга йўл олган қовун эртага Ўзбекистоннинг полиз маҳсулотлари учун янги экспорт йўлакларини очиши мумкин.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари