Марказий Осиё ва Озарбайжон: сиёсий ишончдан амалий лойиҳалар сари
Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиё ва Озарбайжон: ишонч ва ҳамкорликка асосланган янги сиёсий муҳит” мавзусида экспертлик-дипломатик мулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий Осиё ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ҳамда олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов 2016 йилдан бери минтақада шаклланган янги сиёсий муҳит, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини тиклаганини таъкидлади. Унинг фикрича, эндиликда ушбу жараённи иқтисодий боғлиқлик ва қўшма лойиҳалар орқали мустаҳкамлаш зарур.
Бу борада давлат раҳбарларининг норасмий учрашувлари долзарб масалаларни очиқ муҳокама қилиш, позицияларни яқинлаштириш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилашда алоҳида амалий аҳамиятга эга.
Жавлон Ваҳобов бугунги босқичда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда фақат умумий позицияларни келишиб олиш билан чекланмасдан, саноат кооперацияси, транспорт йўлаклари ва иқтисодий ўсишга хизмат қиладиган қўшма дастурларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини такомиллаштириш ҳам талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон ўртасидаги алоқалар ҳамда Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг истиқболлари ҳақида фикр билдирган Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Мамедов Марказий Осиё Озарбайжон учун шунчаки қулай географик макон эмас, умумий имконият ва икки томонлама ҳамкорлик истиқболларига эга минтақа эканини қайд этди.
Дипломатнинг таъкидлашича, олий даражадаги сиёсий мулоқот давлатлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва мақбул ечимларни биргаликда излаш учун шароит яратади. Озарбайжоннинг минтақавий ҳамкорлик форматларига қўшилиши эса мавжуд алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.
Рашад Мамедов Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон иштирокидаги олти томонлама ҳамкорлик форматини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, бу механизм минтақавий устувор йўналишларни мувофиқлаштириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва амалий лойиҳаларни илгари суришда қўшимча имкониятлар яратади.
Элчи транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрсатди. Унинг қайд этишича, давлатларнинг географик жойлашуви трансконтинентал транспорт алоқаларини ривожлантириш учун катта имкониятларга эга. Бунда халқаро транспорт йўналишларини кенгайтириш, порт инфратузилмасининг ўтказувчанлик салоҳиятини ошириш, темир йўл ва бошқа транспорт йўлларини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, дипломат мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун ишбилармон доиралар ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини билдирди. Қишлоқ хўжалиги ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли йўналишлар қаторида қайд этилди.
[gallery-32277]
Дилшод ҲАКИМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат),
ЎзА