Марғилонда миллий ҳунарлар қайта жонланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Марғилон азалдан атлас-адрас, шойи ва ипак матолари, миллий ҳунармандчилик анъаналари билан машҳур. Бугун ҳам шаҳарда асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунарлар замонавий ёндашувлар асосида давом эттирилмоқда.
Бу борада темир йўл вокзали яқинида барпо этилган «Ҳунармандлар маркази» муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ерда миллий матолар тўқиш, ипак гиламлар тайёрлаш, каштачилик ва миллий либослар тикиш каби ҳунар турлари ривожлантирилган.
Марказда атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам каби миллий матолар тайёрланиб, улардан замонавий либослар ва турли буюмлар яратилмоқда. Миллий нақш ва ранглар уйғунлиги акс этган маҳсулотлар хорижий харидорларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда.
[gallery-31407]
Ҳунармандлик сирларини ёшларга ўргатиш ва оилавий анъаналарни давом эттиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай ҳунармандлар сулолаларидан бири — Султоновлар оиласи.
Иброҳим Султонов 12 ёшидан отаси Ашурали акадан косибчилик ва ҳунармандчилик сирларини ўрганган. Кейинчалик ўз тажрибасини ёшлар, хусусан, қишлоқлардаги хотин-қизларга ўргатишга киришди. Туркияда ипак гилам тўқиш технологиясини ўзлаштириб, хорижлик усталарни Марғилонга таклиф қилди. Натижада Қўштепа туманида ипак гилам тўқиш йўлга қўйилиб, кўплаб хотин-қизлар бу ҳунарни эгаллади.
Султоновлар оиласининг изланишлари бугун ҳам давом этмоқда. «Исмоилжон гиламлари» корхонаси маҳсулотлари ички бозор билан бир қаторда хорижда ҳам ўз харидорларига эга.
«Ҳунармандлар маркази»нинг ўзи ва Қўштепа, Олтиариқ, Ёзёвон туманлари ҳамда Андижон вилоятининг Улуғнор туманидаги филиалларида, шунингдек, хонадонларда касаначилик асосида 700 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.
Марказда миллий ҳунармандчилик намуналарини асраб-авайлаш мақсадида музей ҳам ташкил этилган. Унда халқ усталари томонидан яратилган ҳунармандчилик намуналари, қадимий меҳнат қуроллари ва турли буюмлар намойиш этилмоқда.
Айни кунларда марказ ҳудудида Атлас байрамига тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳунармандлар томонидан миллий матолар, либослар ва турли буюмлар тайёрланмоқда.
Атлас ва адрас Марғилоннинг ўзига хос рамзларидан бири. Мазкур байрам миллий матоларни кенг тарғиб этиш, уларни яратиш сирларини намойиш қилиш, ёш ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва Марғилон ҳунармандчилик мактабини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун Марғилон «Ҳунармандлар маркази»да миллий ҳунармандчилик анъаналари асраб-авайланиб, замонавий ёндашувлар асосида ривожлантирилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА