Давлат хизматидаги раҳбар кадрлар салоҳиятини баҳолаш тизими қандай йўлга қўйилган?
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги қошидаги Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази бугунги кунда давлат бошқарувида кадрларни холисона баҳолашнинг ягона миллий институти сифатида фаолият юритмоқда.
Марказда жами 2 минг 662 нафар юқори, ўрта ва қуйи бўғин раҳбарлари шахсий-профессионал диагностикадан ўтказилди. Шундан 452 нафари хотин-қизлар ҳамда 2 минг 210 нафари эркаклар.
Одил судлов академияси билан судьялар корпусига салоҳиятли номзодларни танлаб олиш бўйича ҳамкорлик доирасида 5 йил муддатга тайинланган 57 нафар судья ҳамда 13 ҳудуддан вилоят (шаҳар) судлари раисларининг 35 нафар ўринбосари тўлиқ ассессмент жараёнларидан ўтказилди.
Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликка мувофиқ, вазирликнинг 54 нафар масъул ходими ассессмент (ходимларнинг касбий фаолияти, шахсий ва ишчанлик сифатлари, шунингдек, уларнинг компания мақсадларига қанчалик мос келишини комплекс баҳолаш усули)дан ўтказилди. Баҳолаш якунлари бўйича ҳар бир ходимнинг индивидуал баҳолаш профили ҳамда амалий тавсиялар тақдим этилди.
Марказ фаолияти банк тизими, олий таълим ва реал сектор корхоналарини ҳам қамраб олмоқда.
Жумладан, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки барча ҳудудий филиаллардан 922 нафар раҳбар кадрлари жорий йилда комплекс баҳолашдан ўтказилди.
ИИВ Академиясининг 22 кафедрасидан жами 308 нафар профессор-ўқитувчининг касбий салоҳияти, психологик барқарорлиги ва коммуникатив компетенциялари баҳоланди.
“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг “Муборак газни қайта ишлаш заводи”нинг 6 минг 97 нафар ходими комплекс баҳолашдан ўтказилди.
“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти таркибий тузилмаларнинг 34 нафар раҳбар ходими комплекс баҳолашдан ўтказилди.
Туризм қўмитасининг 100 нафар ходимининг малакавий компетенцияларини ошириш мақсадида марказ ходими томонидан махсус тренинг ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси, Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Истиқболли давлат хизматчиси - 2026” танловининг “Case-study” (вазиятни таҳлил қилиш) босқичи Нукус шаҳрида амалга оширилди.
Кейс таҳлили жараёнида 219 нафар номзоднинг танқидий ва таҳлилий фикрлаши, лидерлик ва шахсий самарадорлиги, стратегик фикрлаши ва режалаштириш қобилияти ҳамда муаммо ечимини топишда инновацион ёндашув салоҳиятлари баҳолашдан ўтказилди.
Бу жараёнлар давлат хизматида муносиб раҳбар кадрлар ишлашини таъминлаш, давлат хизмати самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА