Мақсадимиз – халқимиз турмуш даражасини юксалтириш
Сув - оби ҳаёт. Шу боис инсон саломатлиги ҳам истеъмол қилинадиган сув сифатига бевосита боғлиқ. Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан халқимизни марказлашган ичимлик суви ва оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича юритилаётган сиёсат ҳам юртдошларимиз соғлигини асрашга хизмат қилади. Ушбу сиёсатнинг ижобий самарасини Хоразм вилояти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Ўтган сўнгги 9 йилда вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизмати кўрсатишни яхшилашга жами 1,467 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу даврда 4,8 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 247 километр оқова сув тармоқлари, 105 та ичимлик суви ҳамда 47 та оқова сув иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Агар 2016 йил ҳолатига кўра, вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 52,2 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб мазкур кўрсаткич 91,8 фоизга етказилди.
Ушбу сиёсат жорий йилда ҳам изчил давом эттирилиб, давлат дастурлари доирасида қарийб 157,2 километр ичимлик ва оқова сув тармоғи ётқизиш режалаштирилган. Айни кунларда 8 та дастур доирасида жами 20 та объектда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 2025 йил 27 декабрдаги давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан 11 та объектда қарийб 109 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ётқизилди. Қурилиш ишлари ниҳоясига етгач 26 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик сув билан таъминланиб, 699 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.
Мисолларга мурожаат қилсак, “Капарасс” насос станциясидан сув тақсимлаш камерасигача иккинчи тармоқ ичимлик сув қувури қурилиши натижасида Хоразм вилоятининг шарқида жойлашган 5 та туманини ичимлик сув билан таъминлаётган Питнак сув тозалаш иншоотига келаётган сув ҳажми ортади.
Шунингдек, яқинда Ҳазорасп туманида Амударё, Боғи эрам, Карвак ва Мустақиллик маҳаллаларида 57 километр тармоқ тортилиши натижасида 2 минг 350 та хонадон илк бор ичимлик суви билан таъминланди ва сув таъминоти яхшиланди. Хусусан, Амударё маҳалласида ҳам 13 километр тармоқ тортилиб, 628 та хонадон илк бор марказлашган ичимлик сув билан таъминланди.
Бундан ташқари, вилоятимизда оқова сув тармоқларини кенгайтириш, халқимизнинг марказлашган оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражасини яхшилаш бўйича ҳам кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, кейинги 3-4 йилда Хонқа, Боғот, Янгиариқ, Қўшкўпир, Шовот ва Ҳазорасп туманларида оқова сув тизимлари кенгайтирилди ва замонавий оқова сув тозалаш иншоотлари бунёд этилиб, оқова сувнинг атроф муҳитга зиён етказишига тўла барҳам берилди. Ҳар бири ўнлаб километр тармоқ, оқова сув ҳайдаш ва оқова сув тозалаш иншоотларини ўз ичига олган ушбу марказлашган тизимларнинг ишга туширилиши натижасида туманларимизда ҳам замонавий кўп қаватли уйлар сони орта боради.
Бундан ташқари, ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш ва кенгайтиришга чет эл молия институтлари маблағлари жалб қилинаётганлиги ҳам вилоятда аҳоли турмуш даражасини ошириш вазифаси ҳукумат сиёсатида устуворлик касб этаётганлигининг яна бир далилидир.
Вилоятда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш борасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида қиймати 150 млн долларга тенг бўлган 2 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. “Хоразм вилояти ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш” лойиҳасига ажратилган маблағнинг 60 миллион АҚШ доллари Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобланади. Ушбу лойиҳа бўйича вилоятда умумий қуввати кунига 450 минг метр куб бўлган 2 та сув тозалаш иншоотини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоят аҳолисига ичимлик суви етказиб берувчи, қуввати кунига 200 минг метр куб бўлган Питнак шаҳар ичимлик суви тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва қувватини 400 минг метр кубга етказиш, ичимлик суви таъминотида йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида гидравлик модуль ҳамда масофадан бошқариш тизимини жорий қилиш, Хива, Питнак шаҳарларида умумий қуввати суткасига 15 минг метр куб бўлган канализация иншоотларини қуриб ишга тушириш мўлжалланган. Бу ишлар якунига етгач вилоятда 600 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади.
Илгари вилоятда меъёрда ишлайдиган канализация тизими фақат Урганч шаҳридагина мавжуд эди. Кейинги йилларда вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва тармоқлари қурила бошланди.
Вилоятда оқова сувларни тозалаш бўйича энг йирик лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилмоқда. “Хоразм вилоятининг канализация тизимини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаси бўйича 90 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағини жалб этиш ҳисобига вилоятда 88 километр оқова сув тармоқлари, умумий қуввати суткасига 34 минг метр куб бўлган 1 та оқова сув тозалаш иншооти ва 21 та оқова сув насос станцияси қурилади. Шунингдек, 129,5 километр оқова сув коллекторлари, 13 та оқова сув насос станцияси реконструкция қилинади.
Бундан ташқари, Гурлан туманида илк бор марказлашган канализация тизими қурилиши бошлаб юборилди. Лойиҳа доирасида қуввати 5 минг метр куб бўлган янги оқова сув тозалаш иншооти, 4 та оқова сув ҳайдаш иншооти ва 45 километр канализация тармоқлари қуриб битказилади. Натижада тумандаги 20 мингдан ортиқ аҳоли оқова сув хизмати билан таъминланади.
Хусусан, айни кунларда Урганч шаҳрида канализация тизимларини кенгайтириш бўйича Хитойнинг “Zhongmei Engineering Group Ltd” компанияси томонидан қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумки, куз-қиш мавсуми ичимлик сув таъминоти учун чинакам синов даври ҳисобланади. Шу боисдан ҳам қаҳратон қишда ичимлик ва оқова сув тизимлари фаолиятида узилиш бўлмаслиги учун кузнинг айни иссиқ кунларида мавсумга белгиланган режа асосида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Чора-тадбирлар доирасида 40,5 километр сув тармоқлари ва мавжуд 22 та насос агрегатини жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича жадал иш олиб борилмоқда.
Вилоят ҳудудидаги ичимлик сув тармоқларида ҳамда иншоотларида юз берадиган носозликларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида жорий йилда авария тузатиш бригадалар сони 16 тадан 20 тага ва уларга бириктирилган чилангар ишчилар сони 76 тадан 104 нафарга оширилди.
Махсус техникалар сони 20 тадан, 46 тага етказилди. Авария тузатиш бригадалари аъзолари махсус кийим, ҳимоя воситалари ва авария тузатиш учун махсус жиҳозлар билан таъминланди. Қиш кунларида тармоқда юзага келувчи носозликларни бартараф қилиш учун зарур материаллар захираси ҳам жамлаб қўйилди.
Хоразм вилоятида аҳолининг марказлашган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражасини яхшилаш, шунингдек, тармоқларнинг узлуксиз ишлаши, халқ ва давлат ишончини оқлаш учун соҳа ходимлари азму шижоат билан меҳнат қилмоқдалар.
Атабек Қадиров,
“Хоразм сув таъминоти” АЖ директори.
ЎзА