Манзилли ёрдам кўрсатиляпти
Мамлакатимизда аҳолига ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишда шаффоф ва рақамлаштирилган янги тизимни жорий этиш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурида назарда тутилган имкониятларни рўёбга чиқариш туфайли ҳудудларда оилаларнинг яшаш шароити яхшиланяпти.
Тошкент вилояти Бўка тумани Қорақўйли маҳалласида ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Айниқса, маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим томонидан олиб борилаётган манзилли ишлар орқали кўплаб фуқароларнинг муаммолари ўз вақтида ҳал этилмоқда. Маҳаллада ҳозир жами 708 та хонадон, 1 минг 37 та оила, 3 минг 948 нафар фуқаро истиқомат қилади.
Жумладан, 94 нафар ногиронлиги бўлган шахс ҳамда 77 та ижтимоий реестрдаги оилалар мавжуд. 20 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди ҳамда турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди. Шу билан бирга, 5 нафар ногиронлиги бўлган шахс иш билан таъминланди, 7 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган бола инклюзив таълимга жалб қилинди, 4 нафар фуқаро адаптив спортга йўналтирилди, 2 нафар ёлғиз, ўзгалар парваришига муҳтож кексалар аниқланиб, реестрга киритилди ва уларга ассистент бириктирилган.

Аниқ мисоллар бу ишларнинг самарадорлигини яққол намоён этмоқда. Жумладан, Муқаддас Фозилова ёлғиз яшовчи кекса сифатида реестрга киритилиб, унга ассистент бириктирилди ва доимий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, унга 6 ойлик моддий ёрдам тайинланиб, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан озиқ-овқат ҳамда кийим-кечак маҳсулотлари етказиб берилди. Ҳашар йўли билан яшаб турган хонадони таъмирланди.

Яна бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича кейс очилди. Фуқарога нисбатан ҳимоя ордери бериш учун ариза расмийлаштирилди ҳамда у бирламчи кўмак хонасига жойлаштирилди. Психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди. Шу билан бирга, оила ижтимоий реестрга киритилиб, болалар нафақаси тайинланди. Ҳоким ёрдамчиси ва ижтимоий ходим ҳамкорлигида даромадини ошириш мақсадида имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.

— Инсонларга ёрдам бера олаётганимдан фахрланаман. Ҳар бир ҳал этилган муаммо бу бир инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришдир. Охирги йилларда маҳалламизда ҳам саъй-ҳаракатларимиз туфайли кўплаб оилаларнинг турмуш шароити яхши томонга ўзгарди. Ҳар бир хонадонга кириб борганимиз сари яна бир мавжуд мурожаатни аниқлаб, унга ечим топишга интиламиз. Фуқароларимиз ҳам бу ишлардан мамнун, — дейди Қорақўйли маҳалласи ижтимоий ходими Нарзулла Комилов.
Бўка тумани Қорақўйли маҳалласида амалга оширилаётган манзилли ишлар орқали ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлиги ошмоқда. Энг муҳими. инсон қадри таъминланяпти.
А. Мусаев, ЎзА