Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликни бузган 127 нафар мансабдор шахсга чора кўрилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлигида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган жамоатчилик эшитуви ҳамда Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлисда жорий йилда 5 та муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани қайд этилди. "Рақамли комплаенс" ахборот-дастурий комплекси ишга туширилди ҳамда Коррупциянинг олдини олиш кластери фаолияти йўлга қўйилди.
Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари томонидан ўтказилган 19 минг 709 ўрганиш, мониторинг ва назорат тадбирлари натижасида 1 886,0 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди. Шундан 264,7 миллиард сўмлик қонунбузилишлар бартараф этилди ҳамда 587,8 миллиард сўм маблағ мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” платформасида 28 минг 318 нафар давлат хизматчиси ўқитилди.

Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликни бузган 127 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Қиймати 298,4 миллиард сўмлик 73 давлат харидида қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан вазирлик ва идораларга 42 тақдимнома (168,7 миллиард сўм) киритилди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 43 материал юборилди.
185 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларда 255 коррупциявий омил аниқланди.
“E-qaror” тизимида “яширилган” мақомда қабул қилинган жами 24 минг 241 қарор ва фармойиш ўрганилди. Натижада уларнинг 648 таси асоссиз равишда “яширилган” мақомда қабул қилингани аниқланди. Мазкур қарорларни очиқлаш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 42 тақдимнома киритилди.

Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш бўйича Бешинчи миллий маърузаси Олий Мажлис палаталарига киритилди.
Transparency International билан ҳамкорликда Миллий ҳалоллик тизимини баҳолаш (NIS) ҳисоботи эълон қилинди. 2027 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи давлатлари конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарор қабул қилинди.
Муҳокамалар якунида Агентлик ва Жамоатчилик кенгашининг 2026 йил иккинчи ярим йиллиги учун устувор вазифалари белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА