Халқаро майдонда яна бир муҳим қадам
Бугунги глобаллашув шароитида олий таълим муассасалари ўртасидаги халқаро ҳамкорлик мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан бирига айланмоқда. Илғор хорижий тажрибани ўрганиш, инновацион таълим технологияларини жорий этиш, қўшма илмий тадқиқотлар ва академик алмашинувларни кенгайтириш орқали университетлар нафақат ўз салоҳиятини оширади, балки мамлакатнинг интеллектуал тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшади. Бу борада Бухоро давлат техника университети томонидан амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик ишлари изчил давом этмоқда.
Ана шундай муҳим ташрифлардан бири университет ректори Садоқат Сиддиқова бошчилигидаги делегациянинг Беларус Республикасига хизмат сафари доирасида амалга оширилди. Ташриф давомида делегация Беларус давлат информатика ва радиотехника университети (БГУИР) раҳбарияти билан музокаралар ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Учрашувларда таълим сифати ва илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга олиб чиқиш, инновацион фаолиятни кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг академик мобиллигини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан конструктив фикрлар билдирилди. Томонлар бу каби ҳамкорлик икки университет учун ҳам янги имкониятлар эшигини очишини алоҳида таъкидлади.

Ташриф доирасида Бухоро давлат техника университети делегацияси Беларус давлат информатика ва радиотехника университетида яратилган замонавий таълим муҳити билан яқиндан танишди. Хусусан, рақамли технологиялар асосида жиҳозланган ўқув бинолари, юқори технологияли лабораториялар, муҳандислик марказлари ҳамда илмий тадқиқот инфратузилмаси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Айниқса, университет ҳузуридаги Илмий-таълим инновацион маркази фаолияти делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Марказда амалга оширилаётган инновацион ишланмалар, амалий аҳамиятга эга илмий лойиҳалар, стартап ташаббуслари, саноат корхоналари билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳамда таълим жараёнига замонавий технологияларни татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича ўрганилди.
Хизмат сафари давомида делегация Беларус Миллий техника университетида ҳам бўлиб, мазкур олийгоҳнинг замонавий илмий-таълим марказлари, муҳандислик лабораториялари ва инновацион платформалари билан танишди. Учрашувлар чоғида истиқболда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, халқаро грантлар асосида илмий лойиҳаларни амалга ошириш, икки университет олимлари иштирокида қўшма тадқиқотлар ўтказиш ҳамда талабалар учун икки дипломли таълим дастурларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

Ташрифнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Беларус Миллий техника университетида фаолият юритаётган Ўзбекистон–Беларус миллий маркази билан яқиндан танишилди. Ушбу марказ икки халқнинг бой тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари ва маданий меросини тарғиб қилиш, талабалар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётгани алоҳида қайд этилди.
Мазкур хизмат сафари Бухоро давлат техника университетининг халқаро ҳамкорлик географиясини янада кенгайтириш, дунёдаги нуфузли техник университетлар билан мустаҳкам ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди. Энг муҳими, ушбу келишувлар келгусида талабаларнинг халқаро билим ва тажрибасини бойитиш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳамда мамлакатимизда муҳандислик таълими ва инновацион тадқиқотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Бугун илм-фан ва инновациялар тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланган бир даврда Бухоро давлат техника университетининг халқаро майдондаги бундай фаол иштироки нафақат университет, балки бутун мамлакатимиз олий таълим тизимининг нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Беларусь олий таълим муассасалари билан ўрнатилган стратегик ҳамкорлик эса келгусида янги илмий кашфиётлар, инновацион лойиҳалар ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қиладиган мустаҳкам пойдевор бўлиб қолиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири