Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги таҳрирда ишлаб чиқилади
Адлия вазирлигида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 7 майдаги фармойиши билан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия ҳамда кодекснинг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Президент Администрацияси, Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги вакиллари, шунингдек, юридик соҳадаги етакчи таълим ва илмий муассасалар раҳбарлари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этган йиғилиш давомида кодекснинг янги таҳриридаги устувор йўналишлар, ишчи гуруҳ фаолиятига оид масалалар ҳамда илғор халқаро тажрибани ўрганиш юзасидан фикр алмашилди.

Кодекс лойиҳасини олимлар ва амалиётчи ҳуқуқшунослар билан ҳамкорликда ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирдаги лойиҳасини 2027 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Н.Абдураимова, ЎзА