Мамлакатимизда юқори технологияли саноатни ривожлантириш учун зарур пойдевор шаклланмоқда
Тўқимачилик, металлни қайта ишлаш, қурилиш ва бошқа соҳалар учун технологик ускуналар чиқарадиган ўнлаб корхоналар пайдо бўлди. Оҳангарон технопаркида микропроцессор модуллари ишлаб чиқарилмоқда, кореялик ҳамкорлар билан Тошкент шаҳрида роботлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланган.
Бундай корхоналарни кўпайтириш орқали иқтисодиёт тармоқларини замонавий ускуналар, саноат роботлари ва электроника маҳсулотлари билан таъминлайдиган яхлит экотизимни шакллантириш мақсад қилинган.
Шу боис, Нурафшон шаҳрида “Келажак технологиялари маркази” ташкил этилади. Марказ корхоналарига IT-парк резидентлари билан бир хил имтиёзлар берилади. Роботлар, электроника ва технологик ускуналар ишлаб чиқариш учун зарур хомашё ҳамда бутловчи қисмлар импорт божидан озод этилади. Ушбу йўналишдаги илмий ишланмалардан олинган даромадга солиқ солинмайди.
ЎзА