Малакали кадрлар тайёрлашда муҳим қадам
Бугунги кунда таълим тизимида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Ана шундан келиб чиқиб, Андижон транспорт техникуми томонидан хорижий таълим муассасалари ва компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, техникум директори Дилдора Ҳусанова раҳбарлигидаги техникум вакиллари Ҳиндистоннинг “JNS Instruments LTD” компанияси ҳамда SHARDA университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказди ва ҳамкорлик меморандуми имзолади.

Меморандумда белгиланган ҳамкорлик доирасида энди техникумнинг ишлаб чиқариш таълими усталари ва педагог ходимлари Ҳиндистонда малака ошириши, техникумдаги инглиз тили курслар хорижий ҳамкор томонидан молиялаштирилиши, битирувчиларнинг SHARDA университетига имтиёзли қабул қилиниши, ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиётини хорижда ўташи ҳамда расмий иш билан таъминланиши яратилади.

Шунингдек, жорий йил сентябрь ойида педагоглар ва битирувчилар иштирокида семинар ҳамда учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилди.
Ушбу халқаро ҳамкорлик Андижон транспорт техникумида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, халқаро меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятларини янада оширади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.