Бухорода кўзи ожиз абитуриентлар учун қабул жараёнлари юқори савияда ташкил этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
2026/2027 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига қабул жараёнларида барча абитуриентлар учун тенг имкониятларни таъминлаш ҳамда инклюзив таълим тамойилларини амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, кўзи ожиз абитуриентларни давлат олий таълим муассасаларига қабул қилиш белгиланган тартиб асосида амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Бухоро вилоятида доимий яшовчи кўзи ожиз тоифасига мансуб 39 нафар абитуриент рўйхатга олинди. Уларни марказлашган ҳолда рўйхатдан ўтказиш бўйича масъул олий таълим муассасаси этиб Бухоро давлат университети белгиланди.
[gallery-30521]
Ҳужжатларни ўрганиш натижасида 13 нафар кўзи ожиз абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Улардан 8 нафари Бухоро давлат университетига, 3 нафари Бухоро давлат педагогика институтига, 1 нафардан Ўзбекистон миллий педагогика университети ҳамда Бухоро давлат техника университетига ҳужжат топширди.
Бухоро давлат университетида мазкур тоифадаги абитуриентлар учун қабул имтиҳонлари (суҳбат) Низом талабларига мувофиқ ташкил этилди. Жараёнларда абитуриентларнинг билим ва салоҳиятини холис баҳолаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Бу каби ёндашув имконияти чекланган ёшларнинг олий таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, инклюзив таълимни янада ривожлантириш ва уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун кенг имкониятлар яратишга хизмат қилмоқда.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА