Малака ошириш институти ташкил топганининг 5 йиллиги нишонланди (+видео)
Маълумки, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида ички ишлар органлари тизимида профессионал кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ўқув жараёнларини замонавий ёндашувлар асосида тадбиқ этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида муассаса ташкил этилганининг 5 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди.
Тантанали маросимда институтнинг сўнгги 5 йил давомида эришган ютуқлари, ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг байрам муносабати билан йўлланган табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда институт жамоасининг самарали фаолияти, таълим жараёнига илғор ёндашувларни жорий этиш борасидаги хизматлари юқори баҳоланди.
Тадбир давомида институт тарихи, унинг ташкил этилган илк кунларидан буён босиб ўтган йўли, илмий ва амалий фаолияти ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимидаги ўрни акс эттирилган маърузалар ва тақдимотлар намойиш этилди.
Маросимнинг энг муҳим қисми сифатида “Малака ошириш институтининг эсдалик нишони” таъсис этилгани расман эълон қилинди. Ушбу нишон билан институт ривожига муносиб ҳисса қўшган, ўзининг фидокорона меҳнати ва юқори натижалари билан ажралиб турган бир қатор ходимлар тақдирланди.
Шу билан бирга, тадбир доирасида фаол ходимлар ва хизматда юқори кўрсаткичларга эришган тингловчиларга эсдалик совғалари ҳам топширилди. Бу эса жамоада меҳнатга рағбатни янада ошириш, хизмат самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тантанали тадбир кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда институт жамоасининг бирдамлиги, юксак масъулияти ва келгуси мақсадларга интилиши яна бир бор намоён бўлди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mvv_Si-nrQA" title="Malaka oshirish instituti tashkil topganining 5 yilligi nishonlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Салимжон Обиджонов, ЎзА