“Ҳунарли аёл – бахтли оила”
Юртимизда аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш орқали оила фаровонлигини мустаҳкамлаш, жамият тараққиётига уларнинг ҳиссасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Бухоро шаҳрида “Ҳунарли аёл – бахтли оила” шиори остида кўргазма-ярмарка ва форум ташкил этилди. Мазкур нуфузли тадбирда соҳа мутахассислари, депутатлар, тадбиркор ва ҳунарли аёллар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг жамият ва оиладаги ўрни, иқтисодий фаоллигини оширишнинг самарали йўллари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбирнинг асосий мақсади хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик соҳасидаги салоҳиятини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оилавий даромад манбаларини кенгайтиришдан иборатдир.
Бухоро давлат педагогика институтида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова “Хотин-қизлар иқтисодий фаоллигини ошириш – ижтимоий давлат барпо этишнинг муҳим омили” мавзусида маъруза қилди. Унда мамлакатимизда аёлларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, “Ҳунарли аёл – барқарор оила ва кучли жамият асоси” мавзусида ҳам мазмунли чиқишлар бўлиб ўтди. “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциациясининг вилоят бўлими раҳбари Дилбар Аҳмедова ҳамда Бухоро давлат педагогика институти таянч докторанти Биллура Икромова ўз фикр-мулоҳазалари, амалий таклифлари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, ташкил этилган кўргазма-ярмарка доирасида ҳудудда фаолият юритаётган ҳунарманд ва тадбиркор аёллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, миллий ҳунармандчилик намуналари, замонавий ишланмалар ва истиқболли лойиҳалар намойиш этилди. Бу эса иштирокчиларга тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш имкониятини яратди.
[gallery-28829]
Тадбир якунида ўзининг фаоллиги, ташаббускорлиги ва меҳнати билан намуна бўлиб келаётган бир қатор хотин-қизлар муносиб тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА