Мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг касбий ривожланиш тизими такомиллаштирилмоқда
Мамлакатимизда мактабгача ва мактаб таълими ходимларининг касбий маҳоратини ошириш тизимини такомиллаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини юксалтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Қашқадарё вилояти педагогик маҳорат маркази ташаббуси билан ташкил этилган брифингда батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, педагогларнинг илмий-амалий фаоллигини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2025 йилда тизим доирасида 7 та илмий-амалий конференция ташкил этилган бўлса, 2026 йилда уларнинг сонини 15 тага етказиш режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида режалаштирилган конференцияларнинг иккитаси муваффақиятли ўтказилди.

Брифингда таълим тизимини рақамлаштириш доирасида жорий этилган “Узлуксиз касбий ривожланиш” электрон платформаси педагогларнинг малакасини оширишда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Мазкур платформа орқали ўқитувчи ва тарбиячилар замонавий билим ҳамда кўникмаларни мунтазам такомиллаштириш имкониятига эга бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2025 йил якунида 11 минг 381 нафар педагог малака ошириш курсларини тамомлаб, тегишли сертификатларга эга бўлган. 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса 5 минг 574 нафар тингловчи офлайн шаклда малака ошириш курсларида иштирок этди.
Қайд этилганидек, амалга оширилаётган ислоҳотлар педагогларнинг касбий компетенцияларини юксалтириш, таълим жараёнига замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда таълим сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири