Андижонда 1,8 мингдан ортиқ номзод учун тест синовлари ташкил этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Андижон шаҳридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилояти бўлимида 2026/2027 ўқув йили учун “Жасорат мактаблари”нинг 5-синфига ҳужжат топширган номзодлар ўртасида саралашнинг биринчи босқич тест синовлари ўтказилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, масъуллар иштирокида номзодлар ҳамда уларнинг ота-оналари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда тест жараёнлари очиқлик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилгани таъкидланди. Шунингдек, имтиҳонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Гарнизон ҳарбий оркестрининг чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
[gallery-30167]
Маълумотларга кўра, жорий йил мамлакат бўйича “Жасорат мактаблари”га қабул учун онлайн тарзда 25 минг 513 нафар талабгор ҳужжат топширган. Шундан 23 минг 253 нафар номзоднинг ҳужжатлари қабул қилинган. Уларнинг 16 минг 349 нафари ўғил болалар, 6 минг 904 нафари қизлардир. Низом талабларига жавоб бермаган 2 минг 260 нафар талабгорнинг ҳужжатлари рад этилган. Бу ўтган йилга нисбатан ҳужжат топширганлар сони 7 минг 72 нафарга кўпайганини ва мазкур таълим муассасаларига қизиқиш ортиб бораётганини кўрсатади.
Андижондаги тест синовларининг биринчи сменасида 1 минг 887 нафар номзод иштирок этиши режалаштирилган эди. Шундан 1 минг 481 нафари тест синовларида қатнашди. 406 нафар номзод эса турли сабабларга кўра имтиҳонга келмади.
Тест синовлари белгиланган тартиб асосида давом этмоқда.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА