Аҳоли мурожаатларининг 96 фоизи ижобий ҳал этилди
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ахборот хизмати раҳбари Фахриддин Нуралиев иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда жамиятга келиб тушаётган аҳоли ва истеъмолчилар мурожаатлари, уларда кўтарилаётган асосий масалалар ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги "Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2026 йилнинг ўтган даврида "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖга жисмоний ва юридик шахслардан жами 49 400 та электрон ва оғзаки мурожаат келиб тушган. Уларнинг 47 476 таси, яъни 96 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар бўйича белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, уларнинг асосий қисми электр тармоқлари ва таъминотидаги узилишлар, ҳисоб-китоблар, электр ҳисоблагичларини ўрнатиш ҳамда электр таъминоти корхоналари фаолияти билан боғлиқ.
Хусусан, 19 500 та мурожаат электр тармоқларига, 17 900 таси электр энергияси таъминотидаги узилишларга, 2 600 таси тўловлар ва асоссиз қарздорликка, 4 389 таси электр ҳисоблагичларини ўрнатишга оид бўлган. Яна 4 460 та мурожаат электр таъминоти корхоналари ходимларининг хатти-ҳаракатлари, ишга жойлашиш ва бошқа масалаларга тааллуқли.
Ҳудудлар кесимида мурожаатлар сони Тошкент вилоятида 7 514 та, Андижон вилоятида 7 014 та, Сурхондарё вилоятида 5 916 та, Жиззах вилоятида 5 229 та ва Қашқадарё вилоятида 4 849 тани ташкил этган.
Мурожаатлар билан ишлаш ҳолати ҳудудий филиаллар кесимида ҳам таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар белгиланган.
Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларнинг сабабларини бартараф этиш мақсадида электр тармоқлари ва инфратузилмани янгилаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2026 йилнинг ўтган даврида 5 311 километр электр узатиш тармоғи ва 1 610 та трансформатор пункти янгиланди. Шунингдек, 172 километр янги юқори кучланишли электр тармоғи ҳамда 4 та подстанция қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Режалаштирилган 29 683 километр электр тармоғи ва 10 519 та трансформатор пункти ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Жамият тасарруфидаги 106 142 та трансформатор пунктининг техник ҳолати ўрганилиб, 61 998 таси таъмирталаб деб топилган. Уларнинг 8 852 таси "қизил", 53 146 таси "сариқ" тоифага киритилган. Ҳозирга қадар "қизил" тоифадаги трансформатор пунктларининг 92 фоизи, «сариқ» тоифадагиларнинг 63 фоизи таъмирланган.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида жамиятга келиб тушаётган мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 5 фоизга камайган.
Фуқаролар мурожаатларини тезкор қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида колл-марказ операторлари сони 93 тадан 143 тага етказилди. Аҳоли электр таъминоти билан боғлиқ муаммо ва таклифларини "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖнинг Telegramдаги мулоқот канали ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали ҳам йўллаши мумкин.
Шунингдек, мамлакатимизнинг олис ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида сайёр қабуллар мунтазам ўтказилмоқда. Уларда фуқароларнинг электр таъминоти билан боғлиқ муаммолари жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланмоқда.
Брифинг якунида таъкидланишича, Жамиятда мурожаатлар билан ишлашда асосий эътибор нафақат уларни қабул қилиш ва жавоб беришга, балки кўтарилаётган масалаларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилмоқда. Бунинг натижасида бир хил мазмундаги мурожаатларнинг такроран келиб тушишининг олдини олиш кўзда тутилган.
Шу мақсадда аҳоли ва истеъмолчилар билан мулоқот каналларини такомиллаштириш, электр таъминотидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА