Маҳоратлилар Самарқандга келди
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида ташкил этилган Street workout майдончасида ўтказилаётган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида ғолиб бўлган уч ёш тоифасидаги жамоалар иштирок этмоқда.
– Ушбу мусобақа республикамиз маҳаллаларининг 6,5 миллион нафар ёшларини қамраб олди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходими Отабек Собитов. – Бугун уларнинг 240 нафари якуний босқичга етиб келди. Республика босқичи ғолиби бўлган жамоаларга пул мукофоти, шунингдек уларнинг маҳалласида Street workout майдончаси қуриб берилади.


– Street workout билан ҳар қандай жойда шуғулланиш мумкин, – дейди самарқандлик иштирокчи Шаҳобиддин Турдиев. – Шу боис ёшлар ўртасида бу мусобақа қизиқиш катта бўлди. Қуйи босқичларда кўплаб ёшлар ўз маҳоратларини синовдан ўтказди. Бугун Республика босқичида ҳам вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламиз.
Тадбир давомида мусобақа ҳакамлар ҳайъати аъзолари бўлган спорт усталари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.


Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА