Маҳаллада ишсизлик даражаси қисқармоқда
Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нигорахон Юнусова Асака туманидаги Улуғбек маҳалласида бўлиб, ишсизликни бартараф этиш, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касаначиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, хотин-қизлар, аҳоли вакиллари, касаначилар билан мулоқот ўтказди.
Асака тумани Улуғбек маҳалласидаги 1 минг 350 та оила таркибида 5 минг 350 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалланинг драйвери хизмат кўрсатиш ҳисобланади.
– Йил бошида маҳалламизда 214 нафар ишсиз қайд этилган, – дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Дилрабо Чўлпонова. – Йилнинг ўтган даври давомида 179 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Шулардан 89 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Ишсиз хотин-қизларнинг 50 нафари Андижон тумани “Ипак йўли” саноат зонасида жойлашган "ECO COTTON" ҳамда Асака туманидаги “Asaka teks baror” трикотаж корхоналарига, 20 нафари маҳалла ҳудудида фаолият олиб бораётган чармни қайта ишлашга ихтисослашган “Ruqiy Gold” МЧЖ корхонасига жойлаштирилди.
– Маҳалламиз хотин-қизлар фаоли кўмаги билан “Asaka teks baror” трикотаж корхонасига ишга жойлашдим, – дейди маҳалланинг Марғиноний кўчасида яшовчи Шаҳнозахон Ҳамидова. – Ишга бориб-келиш учун транспорт йўлга қўйилган, иш шароитларимиз яхши. Корхонада иш бошлаб доимий даромад олиш имконига эга бўлдим.


Улуғбек маҳалласининг Еттичинор кўчасида яшовчи Хуршидахон Юлдашева эса Халқ банкининг туман бўлимидан 10 миллион сўм кредит олиб, тикув машиналари сотиб олди. Ўз хонадонида тикувчиликни йўлга қўйди. Натижада учта янги иш ўрни яратилди.
Маҳаллада иш олиб бораётган дўппидўз-ҳунарманд Мавлудахон Сотқинова касаначилик асосида беш нафар ишсиз аёлнинг бандлигини таъминлади. Яъни беш нафар аёл касаначи сифатида ўз хонадонларида дўппининг турли қисмларини тайёрлаб беришади. Етказиб берган маҳсулотларига қараб доимий даромад оладилар.
Ҳунарманд Ёқутхон Ўринова ўз хонадонида миллий қўғирчоқлар тайёрлашни йўлга қўйган. У ҳам шу ишга қизиқадиган ишсиз аёлларни, ёш қизларни ушбу ҳунарга ўргатиб келмоқда.
Маҳаллада фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Абдували Мамадалиевнинг ташаббуси билан аукцион савдога чиқарилган ҳудуддаги бўш турган бино тадбиркор Наргизахон Болтабоева томонидан сотиб олиниб, таъмирланди ва 300 ўринли нодавлат болалар боғчаси ишга туширилиб, ўндан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Айни кунда маҳалла ҳудудида катта йўл бўйидаги 500 метр бўш турган ерлар ҳам аукцион савдога қўйилди. Ана шу жойларда ташкил этиладиган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳисобига 25 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, аҳолининг доимий даромад манбаини шакллантириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси кўмагида 30 миллион сўм имтиёзли кредит олдим, – дейди маҳалланинг ижтимоий реестрига киритилган, Наврўз кўчасида яшовчи Рафуқжон Бобожонов. – Ана шу маблағ ҳисобидан қўй олиб, боқмоқчиман. Бунинг учун хонадонимда шароит ва имконият бор. Асосийси, шу иш билан шуғулланиб, доимий даромад олиш имконига эга бўламан.
Умуман, маҳаллада аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилган ишлар натижасида йил бошида қайд этилган 4 фоиз даражасидаги ишсизлик бугунги кунга келиб, 0,7 фоизга қисқарди.


Вилоят ҳокими ўринбосари Нигорахон Юнусова маҳаллада олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар билан танишиш жараёнида касаначиларнинг иш фаолияти, мавжуд имконият ва муаммолар билан яқиндан танишди. Шунингдек, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касаначиликка жалб этиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири