Божхона қулайликларини тарғиб қилиш экспорт салоҳиятини оширмоқда
Божхона масъуллари Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги “Kayzen kompani” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Ушбу корхона маҳаллий ва хорижий етиштирувчилардан олинган ноёб ўсимликлар сирасига кирувчи қизилмия илдизини қайта ишлаб, унга ҳар хил турдаги шакл бериб, экспортга йўналтирмоқда. 2025 йил давомида корхона томонидан 119 минг АҚШ долларлик 147 тонна, жорий йилда шу кунга қадар 428 минг АҚШ долларлик 448 тонна маҳсулот экспорт қилинган.

Учрашув давомида корхона маҳсулотларининг божхона расмийлаштируви ва назоратида учраётган муаммолари ўрганилиб, тадбиркорларга янги қулайлик сифатида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йилда 2 сентябрдаги “Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашни янада соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тартиб-тамойиллари, “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими афзалликлари ҳамда четдан олиб кирилган бутловчи қисмлар ва хомашёларни божхона тўловисиз олиб киришларига имкон яратилганлиги, ушбу товарларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқариши ёки экспорт ҳажмини ортиши мумкинлиги ҳақида тарғибот ишлари олиб борилди.
Шунингдек, тадбиркор корхона фаолиятини янада кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, Афғонистон давлати билан ҳамкорлик шартномаси имзоланган бўлиб, ушбу мамлакатдан олиб кирилаётган ширинмия илдизларини қайта ишлаш, уларни турли шакл ва маҳсулот кўринишига келтириш ҳамда тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш ишлари бошланган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири