Маданият вазири талабаларга маҳорат дарси ўтди
Етакчи санъаткорлар томонидан талаба-ёшларга сабоқ ўтилишининг йўлга қўйилгани ёшларнинг муайян фанларга бўлган қизиқишини тобора кучайтириш, билимини ошириш, дарсларнинг жонли ташкил этилишига туртки беради.
Маданият вазири, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори Озодбек Назарбеков “Мақом хонандалиги” кафедраси 3-курс талабаларига “Саҳна маданияти” фанидан навбатдаги маҳорат дарсини ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Дарсда ижрочиларнинг бугунги кун талабига мос саҳна маданиятига тайёргарлик жараёнлари, жумладан, саҳна нутқи ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Тингловчига санъаткор ижросида мусиқадан кўра кўпроқ ашула мазмунини етказиб бериш ва унинг туб моҳиятини очиб бериш муҳим эканлиги таъкидланди.

Нутқ маданияти борасида қандай камчиликларга йўл қўйилаётгани ва ушбу масалада айнан қайси муаммолар бартараф этилса, кўзланган натижага эришиш мумкинлиги ҳақида батафсил суҳбат ўтказилди.
- Ижрочи куйлаётган асари мазмунини, аввало, ўзи ҳис этиб, сўнгра тингловчига етказиб бериши муҳим аҳамият касб этади, – деди маданият вазири О.Назарбеков . – Аксар санъаткорларда ўзига ортиқча баҳо бериш каби камчиликлар учраб турибди. Шуни унутмаслигимиз керакки, санъаткорга асл баҳони халқ беради. Санъаткор қанчалик қобилиятли бўлмасин, томошабиннинг қалбидан жой эгалламас экан, ўз устида кўпроқ ишлаши, саҳна маданияти, одоби ва маҳоратини пухта ўзлаштириш учун тинимсиз изланиши керак.
Келаси дарс машғулотини овоз ёзиш студиясида амалий тарзда ўтказишга келишиб олинди. Дарсдан сўнг ректор институтда давом этаётган дарс машғулотларини кузатди. Дарс ғоят самимий ва сермазмун руҳда ўтди.
Н.Усмонова, ЎзА