Истиқлолнинг улуғ қудрати ва буюк неъматлари тараннум этилди
Сурхондарё вилоятида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланди.
Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви ёзги амфитеатрида бўлиб ўтган асосий маросимда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов маросим иштирокчилари ва меҳмонларни энг улуғ, энг суюкли байрам билан самимий табриклаб, мустақиллик туфайли воҳада юз бераётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Кейинги йилларда эришилган ютуқлар қайд этилди.

– Мустақилликнинг 35 йиллиги биз – сурхондарёликлар учун, айниқса, ўзгача руҳ ва мазмун бағишламоқда, – деди вилоят раҳбари. – Байрам арафасида Президентимиз иштирокида юртимиз бўйлаб қиймати қарийб 50 триллион сўмлик 163 та йирик саноат, сервис ва ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилди. Тантанали маросимда давлатимиз раҳбари сўнгги икки йилдаги ишларимизни сарҳисоб қилиб, “2025-2026 йиллар Сурхондарё йили бўлди”, дея вилоятда юз берган янгиланишларга юксак баҳо берди. Бу Сурхондарёнинг мард ва танти, меҳнаткаш ва бағрикенг халқига, унинг бунёдкорлик салоҳиятига, юрт тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган инсонларига билдирилган юксак ишонч ва эътироф намунасидир.
Жорий йил вилоятда барча дастурлар доирасида 955 та иншоотда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 4,1 триллион сўм маблағ ажратилган. Йилнинг ўтган даврида Инвестиция дастури доирасида белгиланган 170 та объектнинг юзга яқини ишга туширилди. Энг азиз шодиёнамиз арафасида вилоятнинг турли ҳудудларида 130 дан ортиқ иқтисодий-ижтимоий соҳа иншооти байрамга совға қилинди.

Янги Ўзбекистонда кейинги ўн йилда инсон қадрини улуғлаш, одамларни рози қилиш, халқ билан мулоқот давлат сиёсатининг бош мезонига айланди. Жумладан, вилоят иқтисодиёти ҳажми 2,5 баробардан ошди. 160 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Кўплаб доимий иш ўринлари яратилди. Янги мактаб, боғча, олий таълим муассасалари, шифохона, корхона, йўллар ва уй-жойлар барпо этилди. Миллионлаб хонадонларга тоза ичимлик суви кириб борди.
Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 3,5 баробарга ўсди. Кейинги ўн йилда воҳанинг экспорт географияси 12 та давлатдан 34 та хорижий мамлакат бозорига кенгайди. 7,5 мингта янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилиб, 3,1 миллион квадрат метр тижорат майдони барпо этилди. Аҳолининг реал даромади 4 баробарга ошди. Иқтисодиёт таркибида саноат ва қурилишда банд бўлганлар улуши 23 фоизга, хизматлар соҳасида эса 42 фоизга етди. Камбағаллик даражаси 4,9 фоизга, ишсизлик 4,6 фоизга тушди. Термиз шаҳри, Ангор, Қизириқ, Жарқўрғон, Узун ва Шўрчи туманларида бу кўрсаткичлар табиий даражага яқинлашди. 122 та маҳалла “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айланди.

Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари қад ростлади. Минглаб километр ички йўллар қурилиб, таъмирланди. Бойсун ва Деновни боғловчи 111 километр йўл цемент-бетон қопламага ўтказилмоқда. Юртимизни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километр магистраль йўл капитал таъмирланяпти. “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўлини тезюрар поездлар ҳаракатига мослаш, “Қумқўрғон – Қудуқли” участкасини электрлаштириш, Термиздан Истанбул ва Дубайга янги авиақатновлар ташкил этиш вилоятимизнинг транспорт ва логистика салоҳиятини янги босқичга олиб чиқади.
Воҳада ичимлик суви масаласи йиллар давомида энг оғриқли муаммолардан бирига айланган эди. “Тўпаланг” сув омборидан фойдаланиш бўйича 287 миллион долларлик мегалойиҳа марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 47 фоиздан қарийб 68 фоизга етказди. Термиз шаҳри ва туманларда юз минглаб аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Жорий йилнинг ўзида 28 та маҳаллада “Янги Ўзбекистон” қиёфаси шакллантириляпти. 114 та оғир тоифадаги маҳаллада аҳоли шароитлари тубдан яхшиланмоқда.
Вилоятда 2,1 минг ўринга мўлжалланган шифохона қурилиб, барча қулайликларга эга замонавий тиббий муассасалар ташкил этилди.

Мактабгача ва мактаб таълими йўналишида 30 дан зиёд янги мактаб қурилди, 90 та мактаб реконструкция қилиниб, қўшимча 150 минг ўқувчи ўрни яратилди. Мактабгача таълим қамрови 10 фоиздан 75 фоизга етказилди. Вилоятимизда 6 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, олий таълимга қамров 40 фоиздан ортди.
Мустақиллик байрами арафасида 51 та мактаб, 25 та мактабгача таълим ташкилоти, 60 та маҳаллада инфратузилма объектлари ишга туширилди.

Кейинги ўн йилда вилоятда тадбиркорлар сафи ўн мингга ошиб, қарийб 32 мингга етди. Ёки 2,7 баравар кўпайди. Уларнинг 11 мингдан ортиғини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Воҳада яқинда ўтказилган “Ўзбекистон (Сурхондарё) – Хитой” инвестиция форуми ҳам вилоятнинг халқаро ҳамкорлик ва инвестициявий салоҳиятини янада кенгроқ намоён этди. Форумда Хитойнинг 120 дан ортиқ компаниясидан 350 дан зиёд вакил, шунингдек, 46 та Афғонистон компаниясининг 100 нафардан ортиқ вакили иштирок этиб, қиймати 6,3 миллиард доллар бўлган 63 та дастлабки инвестиция келишувига эришилди.
Жорий йил якунигача вилоятда 3 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Экспорт ҳажмини эса икки баробар ошириб, 1 миллиард долларга етказиш мўлжалланмоқда.
Тантанали тадбирда туризм, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда эришилаётган ютуқларга ҳам эътибор қаратилди. Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаб, аҳоли учун янги имконият ва шароитлар яратишга қаратилгани таъкидланди.
Воҳа аҳлининг асосий байрам тадбири халқимизнинг суюкли санъаткорлари ижросидаги куй-қўшиқлар билан якунланди. Тинч, тўкин юртнинг мусаффо осмонида ранг-баранг жилодаги мушаклар порлади.
Вилоятнинг байрам шодиёналари қишлоқ ва маҳаллаларда кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири