Лионель Месси Аргентина терма жамоаси билан хайрлашди
Аргентина терма жамоаси ва жаҳон футболи афсоналаридан бири Лионель Месси миллий жамоадаги фаолиятини якунлашга қарор қилди.
Жаҳон футболи тарихида ўчмас из қолдирган Лионель Месси Аргентина терма жамоасидаги 20 йилдан ортиқ давом этган фаолиятини якунлаётганини эълон қилди. Месси ўз қарорини ижтимоий тармоқларда маълум қилиб, терма жамоадаги фаолияти якунига етгани ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.
«Жаҳон чемпионати ортда қолди. Шу кунларгача кўп ўйладим ва энди ҳаммага терма жамоадан кетишимни айтишга тайёрман. Бу қарор менга осон кечмади, лекин тушуниб турибманки, вақти келди», — дея таъкидлади Месси.
У терма жамоа сафидаги фаолияти давомида бор кучини сарфлаганини қайд этди.
«Мен терма жамоа учун боримни бердим, энди берадиган ҳеч нарсам қолмади. Шу билан бирга, жуда кучли ёш авлод вояга етиб келяпти, улар терма жамоада ўйнашга ҳақли».

Месси, шунингдек, уни қўллаб-қувватлаб келган оиласи, мураббийлари, жамоадошлари ва раҳбарият вакилларига миннатдорчилик билдирди.
«Доим ёнимда бўлган, бу гўзал, бироқ оғир саёҳатда мени қўллаб-қувватлаган оиламга катта раҳмат айтаман. Шунингдек, мен билан бирга ишлаган ҳар бир мураббий, жамоадошларим ва раҳбарият вакилларига миннатдорчилик билдираман».
Аргентиналик юлдуз терма жамоа билан эришган ютуқлари ва мухлислар билан бирга кечирган унутилмас лаҳзаларини ҳам алоҳида тилга олди.
«Терма жамоадан кетар эканман, хотиржамман ва фахр туйяпман — чунки жамоадошларим билан бирга сизларга фақат орзу қилиш мумкин бўлган лаҳзаларни инъом этдик. Буларнинг барчасини сизлар билан бирга бошдан кечириш — ҳақиқий мўъжиза эди. Сизларни севаман! Олға, Аргентина!»

Месси Аргентина терма жамоаси сафида 207 ўйин ўтказиб, 125 гол урди ва 68 голли узатма амалга оширди. У миллий жамоа тарихида энг кўп ўйин ўтказган ва энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади.
Унинг халқаро карьерасидаги энг йирик ютуқлар қаторида 2022 йил Жаҳон чемпионатидаги ғалаба, 2021 ва 2024 йиллардаги Америка кубоги чемпионлиги ҳамда 2022 йилги Финалиссимада қўлга киритилган соврин алоҳида ўрин тутади.
2026 йилги Жаҳон чемпионатида Месси 8 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 4 та голли узатма амалга оширди. Аргентина терма жамоаси финалгача етиб борган мазкур мусобақада у энг яхши тўпурарлардан бирига айланди.
ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам Лионель Мессининг терма жамоадаги фаолияти якунлангани муносабати билан унга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шу тариқа, Лионель Месси Аргентина терма жамоаси сафидаги фаолиятини катта ютуқлар ва унутилмас хотиралар билан якунламоқда. Унинг миллий жамоа билан қўлга киритган совринлари ва рекордлари Аргентина футболи тарихида алоҳида ўрин эгаллайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА