Легионерларимиз: Ашурматовда йирик ғалаба, Ҳамробеков мағлуб бўлди, Умаралининг “Сабаҳ”и уч очко олди
Кеча, 14-сентябрь куни хорижда фаолият олиб бораётган бир қатор ўзбекистонлик футболчилар ўз клублари сафида майдонга тушди. Кун Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев учун омадли якунланган бўлса, Одил Ҳамробековнинг жамоаси сафарда имкониятни бой берди.
ОЧЛ Элит мусобақасининг илк турида Рустам Ашурматовнинг “Истиқлол”и Қатарнинг “Ал-Садд” клубини 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ашурматов учрашувни асосий таркибда бошлади. “Истиқлол”нинг голларига Жасир Асани, Саид Саҳаркҳизан ва Эсмоил Ғолизода муаллифлик қилди. Жалолиддин Машарипов эса учрашувни захира ўриндиғида бошлади.
Одил Ҳамробековнинг “Трактор”и эса Дубайда “Шабаб Ал-Аҳли” меҳмони бўлиб, 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Ҳамробеков бошланғич таркибдан жой олди. Учрашувдаги ягона гол 22-дақиқада Юри Сезар томонидан киритилди. Шу тариқа “Трактор” ОЧЛ Элитдаги юришини мағлубият билан бошлади.
Озарбайжон чемпионатида эса Умарали Раҳмоналиевнинг “Сабаҳ” клуби сафарда “Шафа”ни 3:0 ҳисобида таслим этди. Ўзбекистонлик ярим ҳимоячи асосий таркибда майдонга тушиб, 73-дақиқагача ҳаракат қилди. Голлар Патрик Мбина, Абдулла Хайбуллаев ва Велко Симич ҳисобига ёзилди.
Ўзбек ва жаҳон спортига оид энг сўнгги янгиликлар: @Uzasport