Футбол бўйича Ўзбекистон Кубоги: бугун яна икки чорак финалчи аниқланади
Бугун, 15-сентябрь куни Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал босқичи давом эттирилади. Кун дастуридан иккита учрашув ўрин олган: 18:30 да “Бунёдкор” — “Локомотив”, 19:00 да эса “Андижон” — “Олимпик Мобиуз” баҳслари бошланади.
“Бунёдкор” — “Локомотив” | 18:30
“Бунёдкор” Кубокнинг гуруҳ босқичини деярли идеал тарзда ўтказди. Тошкентликлар “Е” гуруҳидаги барча учрашувларда ғалаба қозониб, 9 очко ва 8:1 тўплар нисбати билан биринчи ўринни эгаллади. “Қалдирғочлар” “ТерДУ”ни 2:1, “Қизилқум”ни 2:0 ва “Жайхун”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этган.
“Локомотив”нинг нимчорак финалгача бўлган йўли эса анча мураккаб кечди. “Темирйўлчилар” “В” гуруҳида дастлаб “Лочин”га 0:1 ҳисобида ютқазди, кейин “Динамо” билан 2:2 ўйнади ва ҳал қилувчи учрашувда “Ғазалкент”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Натижада “Локомотив” 4 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритди.
Бу жуфтликда яна бир қизиқ жиҳат бор: жамоалар 26-август куни Суперлигада ҳам тўқнаш келган ва ўшанда “Локомотив” “Бунёдкор”ни 4:1 ҳисобида мағлуб этган. Шу боис бугунги баҳс “Бунёдкор” учун ўша оғир мағлубиятга жавоб қайтариш имконияти ҳам бўлади.
“Андижон” — “Олимпик Мобиуз” | 19:00
Иккинчи учрашув Андижондаги “Соғлом Авлод” стадионида бўлиб ўтади. “Андижон” гуруҳ босқичида мағлубият нималигини билмади. “Н” гуруҳида “Шўртан” 3:1, “Ҳавоканд” 8:1 ҳисобида мағлуб этилди, “Насаф” билан эса 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди. Андижонликлар 7 очко ва 12:3 тўплар нисбати билан гуруҳни биринчи ўринда якунлади.
“Олимпик Мобиуз” эса “C” гуруҳидан иккинчи ўрин билан чиқди. Тошкентликлар “Республика ФА”ни 1:0 ва “Машъал”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди, гуруҳ ғолиби “Сўғдиёна”га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Якунда жамоа 6 очко жамғариб, “Сўғдиёна”дан кейинги ўринни эгаллади.
Қоғозда “Андижон” фаворит кўринади: жамоа гуруҳ босқичида кучли натижа қайд этди ва бугун ўз майдонида ўйнайди. Аммо “Олимпик Мобиуз” ҳам Кубокда уч учрашувнинг иккитасини ютган ва энди бир ўйиндан иборат плей-оффда сенсация яратишга уринади.
Шундай қилиб, бугун “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Андижон” ва “Олимпик Мобиуз”дан иккитаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритади. Аввалроқ “Гулистон”, “Нефтчи”, “Сўғдиёна” ва “Навбаҳор” нимчорак финалдаги ғалабалари орқали кейинги босқичга йўл олган.
Ўзбек ва жаҳон спортига оид энг сўнгги янгиликлар: @Uzasport