Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссияси аъзолари ва депутатлар куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини ўрганди.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи Обиджон Мўминов бошчилигида ташкил этилган ўрганишлар давомида Яккасарой туманидаги марказий авария-диспетчерлик маркази, Чилонзор сув тақсимлаш иншооти ва «Algoritm» подстанциясида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Яккасаройдаги марказда газ тармоқларидаги босимни назорат қилиш, носозликларга тезкор муносабат билдириш, авария бригадалари фаолияти ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тартиби кўриб чиқилди. «Hududgaz Poytaxt» ГТФ бошлиғи Б.Пўлатов билан марказнинг техник имкониятлари ҳамда тармоқларнинг мавсумга тайёргарлиги муҳокама қилинди.

Шунингдек, Чилонзор сув тақсимлаш иншоотида аҳоли ва ижтимоий объектларга ичимлик сувини узлуксиз етказиб бериш, сув босими ва сифатини назорат қилиш, аварияларнинг олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди. Жумладан, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ бошлиғи С.Мамажонов билан инфратузилма ишончлилигини ошириш чоралари муҳокама қилинди. «Algoritm» подстанциясида модернизация натижалари, ускуналарнинг ҳолати, электр таъминоти барқарорлиги ва ортиб бораётган юкламаларга тайёргарлик ўрганилди.

Тошкент шаҳар магистраль электр тармоқлари филиали директори Ш.Ҳамроев билан мавсумга тайёргарлик юзасидан фикр алмашилди. Ўрганишларда коммунал объектларнинг ишончли ишлаши, техник хавфсизлик, аварияларнинг олдини олиш ҳамда аҳолига хизматларни узлуксиз етказиб бериш масалалари асосий эътиборда бўлди.
Мазкур ишлар бошқа манзилларда ҳам давом этмоқда.
Г.Бобоева,
ЎзА