Энергетикадаги ислоҳотлар инвесторлар учун имконият яратмоқда
Барқарор энергия таъминоти мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг бош гаровидир. Сўнгги ўн йил ичида энергетика бозори хусусий капитал учун очилиб, давлат-хусусий шериклик механизмлари муваффақиятли жорий этилди. Натижада соҳага 35 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинди. Айни пайтда қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг умумий генерациядаги улуши 31 фоизга етди.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида жорий йилнинг 16 октябрь куни ёқилғи-энергетика тармоғидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш юзасидан сармоядорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда алоҳида қайд этилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда янги энергия объектлари учун малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда лойиҳаларга хорижий инвесторлар иштирокини янада кенгайтириш стратегик аҳамиятга эга.
Анжуманда дунёнинг 200 дан ортиқ йирик хорижий сармоядорлари ва энергетика соҳасининг етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Биз улар орасидан Туркиянинг машҳур “Cengiz Holding” компанияси бошқаруви раиси Меҳмет Женгизнинг фикр ва мулоҳазаларига қизиқдик:
– Замонавий иссиқлик электр станцияларини барпо этиш ҳамда электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини модернизация қилишга қаратилган истиқболли лойиҳалар ҳамиша долзарб ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон ва Туркия ўртасида энергетика соҳасидаги инвестициявий ҳамкорлик жуда самарали давом этмоқда. Ҳозирда маҳаллий ҳамкорларимиз билан биргаликда умумий қуввати юқори бўлган йирик электр станциялари лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этяпмиз. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам соҳада қисқа фурсатда улкан лойиҳалар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Президент билан ўтган ўзаро мулоқотимиз давомида нафақат энергетика, балки геология ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини ҳам батафсил муҳокама қилдик, – деди Меҳмет Женгиз.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА